Самарқандда замонавий автовокзал фойдаланишга топширилди
2025-08-05 10:00:00 / Янгиликлар

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 12 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Янги автовокзал замонавий архитектура, энергия тежамкор ечимлар ва хавфсизлик стандартлари асосида қурилди.
Бу ерда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилди. Кенг ва ёруғ кутиш зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон таблолар орқали қатновлар жадвалини кўрсатиш, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус пандуслар ва йўлаклар, автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилар учун алоҳида кутиш майдонлари, ҳайдовчилар дам олиш хонаси, автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш хизмати, 24 соат ишловчи видеокузатув тизими шулар жумласидандир.
Автовокзал нафақат транспорт маркази, балки кенг кўламли хизмат кўрсатиш ва савдо ҳудуди сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда 120 та савдо дўкони, 3 та замонавий ресторан, 14 та сервис шохобчаси, 1 та автосалон, 2 та меҳмонхона жойлашган. Янги автовокзалнинг ишга туширилиши натижасида 300 нафар аҳоли учун доимий иш ўрни яратилди.
Автовокзал бир вақтнинг ўзида 100 та автобус, 150 та микроавтобус ва 300 та енгил автомобилни қабул қилишга мўлжалланган. Автовокзалдан Тошкент, Жиззах вилоятларига автобуслар ҳаракати амалга оширилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларига қатновчи автобуслар ҳам мазкур автовокзал орқали ҳаракатни давом эттирмоқда.
Автовокзал очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, лойиҳанинг амалга оширилиши вилоятда транспорт хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқиши, шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро қатновларнинг самарадорлигини ошириши ҳамда аҳолининг вақт ва харажатларини тежашга хизмат қилишини таъкидлади.
Самарқанд автовокзали келгусида нафақат республика ичида, балки халқаро йўналишларда ҳам муҳим транспорт марказига айланиши кутилмоқда. Бу эса Самарқанд шаҳрининг логистика, транспорт ва сайёҳлик салоҳиятини янада оширади.






