Пекинда 12-Бутунжаҳон тезюрар темир йўл конгресси иш бошлади
2025-07-09 12:00:00 / Янгиликлар

Пекин миллий кўргазма марказида бўлиб ўтаётган конгресс тезюрар темир йўл соҳасидаги ютуқларни намойиш этиш, технология алмашиш ва халқаро саноат ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун ўзига хос глобал платформадир. Тадбир очилиш маросимида 60 дан ортиқ мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан 2 000 дан зиёд иштирокчилар қатнашди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида транспорт вазири Илҳом Махкамов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда темир йўл соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатимизда юқори тезликдаги темир йўлларни ривожлантиришнинг асосий истиқболларига тўхталиб ўтди.
Шунингдек, тадбирнинг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Чжан Гоцин, Хитой транспорт вазири Лю Вэй, Халқаро темир йўллар иттифоқи (UIC) раиси Алан Бероуд, Хитой давлат темир йўл корпорацияси президенти Сун Сюдэ ҳам сўзга чиқди.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Чжан Гоцин ўз нутқида Хитой бошқа давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини икки томонлама ва кўп томонлама темир йўл кооперацияси орқали янада ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, соҳада технологиялар алмашинувини янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
У Хитой тезюрар темир йўлларни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини бошқа давлатлар билан баҳам кўришга ҳамда темир йўл соҳасида илғор технологияларни кенг қўллашга биргаликда кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.
Конгресс ишида юқори даражадаги ҳукумат вакиллари, дипломатлар, корпорациялар раҳбарлари ва етакчи экспертлар юқори тезликдаги темир йўлни келгусида ривожлантириш ва ушбу соҳадаги инновацияларга оид асосий масалаларни, саноатнинг барқарор ва сифатли ўсишига кўмаклашиш билан боғлиқ жиҳатларни муҳокама этишмоқда.

