Теҳронда ИҲТ давлатлари ўртасида транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
2025-06-03 12:00:00 / Янгиликлар

Йиғилиш иштирокчилар ИҲТ минтақасида самарали, интеграциялашган ва барқарор транспорт тизимларини ривожлантиришнинг ҳозирги муаммолари ва истиқболдаги имкониятлари ҳақида фикр алмашдилар.
Музокараларда мультимодаль транспорт йўлакларини такомиллаштириш, транспорт соҳасида рақамлаштиришни рағбатлантириш, трансчегаравий савдо ва транзитни осонлаштириш, минтақавий келишув ва дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда транспорт вазири Илҳом Махкамов нутқ сўзлаб, ИҲТга аъзо давлатлар саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан транспорт ва логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича илгари сурилган таклифлар ва уларни жорий этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Хусусан, 2023 йил 8 – 9 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТнинг 16-саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш учун замонавий тизимларни кенг жорий қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида ташкилотнинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш бўйича ташаббус илгари сурилган.
Илҳом Махкамов ушбу ташаббусни амалга ошириш учун транспорт ва божхона идоралари ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ тузган ҳолда юк ва божхона ҳужжатларини рақамлаштириш ва ўзаро тан олиш механизмларини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.
Йиғилишда вазирлар ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилишларини яна бир бор тасдиқладилар.
Шунингдек, улар инфратузилмани яхшилаш, транспорт сиёсатини уйғунлаштириш ва хусусий секторнинг минтақавий транспорт лойиҳаларида иштирокини кучайтириш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва сармоя зарурлигини таъкидладилар.
Учрашувнинг асосий натижаси стратегик устуворликлар ва минтақавий транспорт ва алоқаларни яхшилаш бўйича жамоавий йўл харитасини белгилаб берувчи Теҳрон декларациясининг бир овоздан қабул қилиниши бўлди.
Декларацияга Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ҳамда Самарқанд аэропортини ИҲТ авиация хаби сифатида қабул қилиш каби Ўзбекистон томонидан берилган таклифлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзодир.