ЖАМОАТЧИЛИК ЭШИТУВИ ЎТКАЗИЛДИ
2025-05-07 15:00:00 / Янгиликлар

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги 2-автобус саройида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Республика ногиронлар уюшмаси, Тошкент шаҳар “Миллениум” ногирон ёшлар ижтимоий-ҳуқуқий реабилитация маркази, Тошкент шаҳар Сергели ва Янги ҳаёт туманлари ногиронлар жамияти вакиллари ҳамда Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси, “Тошкент метрополитени” ДУК ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги корхона раҳбарлари ва ҳайдовчилар иштирок этишди.
Жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган мониторинг натижалари хулосасига бағишланган жамоатчилик эшитувида шаҳар жамоат транспортида имконияти чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши учун яратилган имкониятлар, ушбу шахслар ҳуқуқларига риоя этилишининг таъминланиш ҳолати ва бу борадаги долзарб масалалар муҳокама этилди.
Тадбирнинг очилишида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Сайёра Ходжаева мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, мамлакатимизда инклюзив жамиятни ривожлантириш ва имконияти чекланган шахслар учун мақбул муҳитни яратиш, жамиятдаги айрим стереотипларни бартараф этиш ҳамда бу борада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўрни ва ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатларининг аҳамияти хусусида фикр билдирди.
Йиғилишда имконияти чекланган шахслар учун шаҳар жамоат транспорти қулайлиги мониторинги натижалари юзасидан Тошкент шаҳар “Миллениум” ногирон ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий реабилитация маркази раиси Гулжаҳон Маҳматқулова, пойтахтимизнинг Сергели ва Янги ҳаёт туманлари ногиронлар жамияти раҳбари Гулноза Шарипова ва Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси Комил Абдуллаевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбирда имконияти чекланган шахслар учун мақбул муҳитни яратиш борасида сўнгги йилларда шаҳар жамоат транспорти тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳаракат таркибининг янгиланиши паст полли замонавий автобусларнинг олиб келингани алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, имконияти чекланган фуқароларнинг шаҳар жамоат транспорти, хусусан, автобуслар хизматидан фойдаланган ҳолда бир манзилдан иккинчи манзилга хавфсиз етиб олишини таъминлашда ҳайдовчиларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Жумаев жамоат транспортида ногиронлар учун яратилган шароитлар ва камчиликлар юзасидан алоҳида тўхталиб ўтди. Айниқса метрополитенда ногиронлиги бор шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш борасидаги ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5270-сонли Фармонга кўра, 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги ““Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги” ПҚ-59-сонли қарорга асосан ҳудудларда брутто–шартнома асосида ташкил этиладиган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган автобусларда фаолият кўрсатиш мажбурияти юклатилган.
Маълумот учун: 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5270-сонли Фармонига кўра, 2018- йил 1- мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланган.
Шунингдек, 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-59-сонли қарорга асосан ҳудудларда брутто–шартнома асосида ташкил этиладиган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган автобусларда фаолият кўрсатиш мажбурияти юклатилган.
Республика бўйича 2023-2024 йиллар мобайнида 1700 дан ортиқ янги автобуслар харид қилинди, мазкур автобуслар ногиронлиги бўлган шахсларга учун барча қулайликларга эга бўлиб, ногирон шахсларни автобусга тушиб чиқишларига мослаштирилган ҳамда махсус ўриндиқлар ва пандуслар билан жиҳозланган.
Шунингдек, ер ости метро бекатларида ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида “Халқлар дўстлиги” ер ости метро бекатини мослаштириш бўйича намунавий таклиф лойиҳа ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур лойиҳага мувофиқ имконияти чекланган шахслар, кекса ёшдагилар ва болалар аравачаси билан ҳаракатланаётган йўловчиларни метрополитеннинг вестибюль ва платформа қисмига олиб тушиш/олиб чиқишга мўлжалланган махсус платформа лифтлари “Халқлар дўстлиги” ва “Буюк ипак йўли” бекатларида ўрнатилди. Жорий йил якунига қадар яна 16 та бекатда ана шундай қурилмалар (кўтаргичлар) ўрнатилиши режалаштирилган.









