Тошкент давлат транспорт университетида “Инновацион темир йўл транспорти” компетенцияларини ошириш маркази очилди
2025-05-01 15:00:00 / Янгиликлар

Дуал таълим тизими назарий билимлар ва амалий кўникмалар уйғунлигини таъминлаб, талабалар ва ходимларга ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Янги марказ замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, тренажёрлар ва интерактив ўқув материаллари билан таъминланган бўлиб, транспорт ва метрополитен соҳаларида илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш учун барча шароитларни яратади.
Мазкур марказнинг тантанали очилиш маросимида университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Баҳодир Тураев “Трансмашхолдинг” Корпоратив университети директори Наталя Шишлакова ҳамда Тошкент метрополитени ДУК, ТМХ, “Метровагонмаш” АЖ раҳбарияти вакиллари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари ушбу лойиҳа нафақат Тошкент метрополитени, балки бутун мамлакат транспорт соҳаси учун мутахассислар тайёрлашда муҳим қадам бўлишини таъкидладилар.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида малакали мураббийлар иштирокида мунтазам равишда ўқув курслари, семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилган.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва таълим-амалий дастурларни кенгайтириш юзасидан келишиб олдилар.





