Транспорт вазири ""Incheon International Airport" халқаро корпорацияси президенти билан музокара ўтказди
2025-04-29 18:00:00 / Янгиликлар

Incheon International Airport Corporation Урганч халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида модернизация қилиш ва уни бошқарувга олиш лойиҳасини амалга ошириш учун ўтказилган тендернинг ғолиби бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ДХШ лойиҳаси аэропортни модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини биргаликда амалга оширишни назарда тутади. Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқариш, шу жумладан ерда хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади. Давлат шериги аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш (учиш-қўниш йўлаги, перрон) учун жавобгарликни ўзига олади.
И. Махкамов Жанубий Корея корпорациясининг аэропортларни ривожлантириш ва бошқариш соҳасидаги бой тажрибасига асосланиб, минтақанинг иқтисодий фаровонлигини ошириш ва сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш мақсадида ушбу лойиҳани тезроқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Хаг Чже Ли Корея томони Ўзбекистон билан транспорт соҳасида қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлаб, корпорациянинг Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги аэропортларни ривожлантиришда иштирок этишидан манфаатдорлигини билдирди.


