Словакия Эксимбанки транспорт инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга қизиқиш билдирмоқда
2025-04-18 10:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда томонлар Автомобиль йўллари қўмитасининг Betamont компанияси билан ҳамкорликда автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини аниқлаш тизимини харид қилиш лойиҳасини муҳокама этишди.
Бу Ўзбекистон ва Словакия ўртасида транспорт соҳасидаги илк лойиҳа бўлиб, қисман Словакия ҳукумати томонидан ажратилган грант ҳисобига молиялаштирилади.
Betamont – интеллектуал транспорт тизимларини (ИТТ) ишлаб чиқаришга ихтисослашган Словакия технологик компаниясидир. Автомобиль ва темир йўл транспорти соҳаси компания илмий-тадқиқот ишланмаларининг асосий йўналишларини ташкил этади.
Betamont билан пилот лойиҳа муваффақиятли бошлангандан сўнг Словакия Эксимбанки мамлакат компаниялари иштирокидаги бошқа лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, учрашувда И.Абдугафаров серқатнов автомобиль йўлларида "WIM" тизимларини ўрнатиш лойиҳасининг долзарблиги, ҳамда транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар, жумладан, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Самарқанд пуллик автомобиль йўллари қурилиши ҳақида маълумот берди.


