Хитой Эксимбанки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар муҳокама этилди
2025-04-11 11:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Тошкент шаҳри учун 200 дона электробуслар хариди лойиҳасини молиялаштириш учун Эксимбанк томонидан кредит ажратилиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг "Атроф- асраш ва яшил иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури" доирасида иқлим ўзгаришига мослашиш, углерод нейтраллигига эришиш, “яшил лойиҳалар”ни амалга ошириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш йўналишида 2025 йилда 200 дона электробуслар ва улар учун қувватлаш ускуналари хариди лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун 1000 дона сиқилган табиий газда ҳаракатланувчи катта сиғимли автобуслар хариди масалаларини жадаллаштириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келгусидаги қадамлар белгилаб олинди.



