Airbus компанияси Тошкентда Ўзбекистон авиация соҳаси етакчилари учун конференция ўтказди
2026-11-19 17:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда бешта авиакомпания, дипломатик ваколатхоналар, молия ташкилотлари ҳамда ҳарбий тузилмалар вакилларидан иборат 30 нафарга яқин соҳа мутахассиси иштирок этди.
Конференция давомида Airbus вакиллари компаниянинг глобал маркетинг прогнозлари, ҳаво кемалари моделларининг ривожланиш тенденциялари, авиация техникасини молиялаштириш механизмлари, Skywise рақамли платформаси имкониятлари ҳамда юк ҳаво ташувлари бозори таҳлили каби долзарб масалалар юзасидан тақдимотлар ўтказди.
Шунингдек, иштирокчилар авиакомпаниянинг операцион фаолиятини моделлаштиришга қаратилган «Flight Plan» амалий машғулотида қатнашиб, авиация соҳасида бошқарув қарорларини қабул қилиш ва операцион жараёнларни ташкил этиш бўйича ўз билим ҳамда кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Тадбир якунида иштирокчиларга конференциядаги иштироки ва фаол ҳиссаси учун сертификатлар топширилди.
Airbus компанияси Ўзбекистонни авиация бозори жадал ривожланаётган ва истиқболли йўналишлардан бири сифатида баҳолайди. Компаниянинг таъкидлашича, ҳамкорлик фақат ҳаво кемаларини етказиб бериш билан чекланиб қолмай, балки мамлакатда авиация экотизимини ривожлантириш, узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлаш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, мижозларни қўллаб-қувватлаш ҳамда транспорт боғлиқлиги ва операцион имкониятларни кенгайтиришни ҳам қамраб олади.
Айниқса, авиация соҳаси кенгайиб бораётган шароитда малакали кадрлар тайёрлаш, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш салоҳиятини ривожлантириш, техник тажриба ва билимларни ошириш муҳим аҳамият касб этади. Airbus компанияси Ўзбекистоннинг авиация соҳасидаги стратегик мақсад ва интилишларини қўллаб-қувватлашга, ушбу йўналишда узоқ муддатли ҳамкор сифатида фаолият юритишга тайёрлигини билдирди.






