Фарғона вилоятида Транспорт вазирлигининг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди
2026-11-19 17:00:00 / Янгиликлар

Қабулда Транспорт вазирлиги, Транспорт прокуратураси, Транспорт назорати инспекцияси ҳамда ҳудудий мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорларнинг йўловчи ва юк ташиш фаолияти, жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга оид мурожаатлари тингланди.
Жами 32 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари иштирок этган қабулда бир қатор мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.
Хусусан, автобусларда йўл ҳақини пластик карталар орқали тўлаш, қиш мавсумида йўл чизиқларининг кўринишини таъминлаш ҳамда автотранспорт воситаларини тендер битимларидан чиқариш билан боғлиқ мурожаатлар юзасидан тегишли ечимлар қабул қилинди.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида Транспорт назорати инспекциясининг ҳудудий бўлимига мунтазам назорат тадбирларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижросини назоратга олиш белгиланди.




