Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўл маъмуриятлари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди
2026-11-19 13:05:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш ва ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш кўрсаткичларида сезиларли ўсиш кузатилган. Музокараларда ушбу ижобий динамикани сақлаб қолиш, ташувлар узлуксизлигини таъминлаш ва темир йўл инфратузилмасининг имкониятларидан янада самарали фойдаланиш бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида ҳамкорликни амалий жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Наибобод станциясини ривожлантириш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, Хайратон — Мозори Шариф йўналишида темир йўл орқали юк ташишни йўлга қўйиш ҳамда поездларнинг суткалик умумий айланмасини ошириш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, Афғонистон фуқаролари учун темир йўл соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув жараёнларини ташкил этиш масалалари ҳам келишувлар кун тартибидан ўрин олди.
Мазкур келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш, минтақавий юк ташиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда темир йўл соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.


