Транспорт тизимида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-19 15:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Транспорт вазирилиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотларида давлат харидлари ва шартномавий муносабатларда шаффофликни таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тизим ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг масъулияти ва самарадорлигини ошириш, аниқланган камчиликлар бўйича ўз вақтида таъсирчан чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Бунда коррупцияга қарши курашиш фақат назорат ва жавобгарлик чоралари билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг шахсий масъулияти, ҳалоллик тамойилларига содиқлиги ҳамда хизмат фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаши билан чамбарчас боғлиқ экани қайд этилди.
Йиғилишда 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказиладиган «Аксилкоррупция ойлиги» доирасида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам кўриб чиқилди. Унга мувофиқ, транспорт тизимида коррупцияга қарши курашиш маданиятини юксалтириш, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва масъулиятини ошириш, шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларини тарғиб қилишга қаратилган видеороликлар, маърузалар, тренинглар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилади.
Тадбир якунида вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари раҳбарларига коррупциявий хавф-хатарларни мунтазам таҳлил қилиб бориш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгилаш, ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, транспорт соҳасида коррупцияга қарши самарали тизимни шакллантириш — нафақат қонунбузилишларнинг олдини олиш, балки давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва энг муҳими, фуқароларнинг давлат идоралари ҳамда транспорт соҳаси ташкилотларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш демакдир. Бу эса ҳар бир раҳбар ва ходимдан ҳалоллик, масъулият ва қонунга қатъий риоя этишни талаб қилади.




