Ўзбекистон вакиллари Парижда авиация хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган халқаро семинарда иштирок этмоқда
2026-11-19 10:50:00 / Янгиликлар

Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг Авиация ҳодисалари ва инцидентларини текшириш бўлими ходимлари ҳам иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида авиация ҳодисалари ва инцидентларини текшириш самарадорлигини ошириш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган халқаро тажриба ва илғор ёндашувлар муҳокама қилинмоқда.
Семинарнинг асосий кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олган:
Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар (Safety Recommendations): авиация ҳодисалари ва инцидентларининг олдини олиш, аниқланган хавф омилларини бартараф этиш ҳамда парвозлар хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
ECCAIRS тизимини такомиллаштириш: авиация ҳодисалари ва инцидентлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда халқаро миқёсда ўзаро алмашиш механизмларини ривожлантириш.
Халқаро семинарда 27 та давлатнинг авиация ҳодисаларини текшириш органлари (SIAs), шунингдек, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) ва Европа Иттифоқи Авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) вакиллари қатнашмоқда.
Мазкур тадбир Ўзбекистон вакиллари учун авиация ҳодисаларини мустақил ва холис текшириш, халқаро стандартлар ҳамда илғор амалиётларни ўрганиш, шунингдек, соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
