Ўзбекистон ва Япония транспорт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантиради
2026-11-18 11:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасида транспорт соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш, ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, илғор хорижий тажриба ҳамда замонавий ўқитиш усулларини мамлакатимиз амалиётига жорий этиш масалалари асосий муҳокама мавзуси бўлди.
Хусусан, ўзбекистонлик ҳайдовчиларни Японияда меҳнат фаолиятига жалб этиш, уларни япон транспорт компаниялари талаб ва стандартлари асосида тайёрлаш, касбий малакасини ошириш ҳамда зарур назарий ва амалий кўникмаларини шакллантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Япония тажрибаси асосида ҳайдовчиларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқув дастурларига замонавий ёндашувларни жорий этиш, транспорт соҳаси мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда малака ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда, Ўзбекистон жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга Япония инвеститсияларини жалб этиш, замонавий автобусларни етказиб бериш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар транспорт соҳасининг барқарор ривожланишида инсон капитали ва малакали кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, Япония компанияларининг касбий тайёргарлик, хизмат кўрсатиш маданияти ва самарали бошқарув борасидаги тажрибасидан фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.
Учрашув якунида ҳайдовчилар ва транспорт соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, тажриба алмашинуви ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.



