Тошкентда VI халқаро Central Asia Aviation Summit ўз ишини бошлади
2026-11-17 11:10:00 / Янгиликлар

ATO Comm ва Mark Comm компаниялари томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро тадбир Марказий Осиёда фуқаро авиациясини ривожлантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, авиация соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва янги бизнес имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Саммитда Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларидан 300 нафардан ортиқ делегат, жумладан, 35 дан зиёд авиакомпания ва аэропорт раҳбарлари, халқаро авиация экспертлари, лизинг ва молия институтлари ҳамда ҳаво кемаларини ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида минтақавий йўловчи ва юк ташиш бозорининг ривожланиш тенденциялари, авиация лизинги ва молиялаштиришнинг замонавий механизмлари, аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ҳамда соҳадаги истиқболли йўналишлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинмоқда.
Мазкур саммит авиация соҳасида халқаро мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг жаҳон авиация бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.






