Марказий Осиё авиацияси: янги имкониятлар, стратегик мақсадлар ва халқаро ҳамкорлик
2026-11-17 14:00:00 / Янгиликлар

Таҳлилларга кўра, 2025-йилда минтақанинг бешта давлати авиакомпаниялари 31,7 миллион йўловчини ташиди. 2035-йилга бориб ушбу кўрсаткич 59 миллион нафарга яқинлашиши мумкин. Бу йилига ўртача 6,4 фоиз ўсишни англатади. Сўнгги ўн йил давомида авиакомпанияларнинг йўловчи ташиш қувватлари йилига ўртача 7,7 фоизга ошиб борган. Шунингдек, кам харажатли авиакомпаниялар сегменти фаол ривожланмоқда, авиатсия юк ташувларининг йиллик ҳажми эса 335 минг тоннадан ошган. 2035-йилга қадар минтақа аэропортлари инфратузилмасига 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритиш режалаштирилган.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳам ушбу тараққиёт жараёнида салмоқли натижаларга эришмоқда. 2018–2019 йилларда Президентимиз ташаббуси билан фуқаро авиацияси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Транспорт вазирлиги ташкил этилди, авиакомпаниялар, аэропортлар ва аэронавигация фаолияти функциялари мустақил операторлар ўртасида тақсимланди ҳамда мустақил тартибга солиш тизими шакллантирилди.
Бозорни либераллаштириш ва хусусий сектор учун имкониятларни кенгайтириш натижасида янги авиакомпаниялар фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг бозорга кириб келиши ва ривожланиши жараёнида вазирлик томонидан зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатилди.
Бугунги кунда республикада ўндан ортиқ маҳаллий авиакомпания фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 110 тадан ошди ва ҳар йили ўртача 15 та янги ҳаво кемаси билан тўлдирилмоқда. 2025 йилда миллий авиакомпанияларимиз 11 миллион нафардан ортиқ йўловчини ташиди. Бу эса соҳадаги ислоҳотлар ва бозордаги фаоллик изчил натижа бераётганини кўрсатади.
Ж. Назаров ўз нутқи давомида Марказий Осиёнинг қулай географик жойлашуви, халқаро транзит йўлакларини ривожлантиришдаги стратегик аҳамияти ҳамда минтақани Европа ва Осиё ўртасидаги йирик авиация ва логистика марказига айлантириш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши доирасида авиация ташувларини ривожлантириш, Навоий аэропортининг халқаро юк ташиш хаби сифатидаги салоҳиятини ошириш, шунингдек, ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти интеграциясини кучайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Таъкидланганидек, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа билан боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўлагида авиациянинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бу жараёнда Навоий аэропорти муҳим ҳаво транспорт узели сифатида ривожланмоқда. Электрон тижорат билан боғлиқ юк оқимларининг ортиши эса «ҳаво транспорти — темир йўл — автомобиль транспорти» тамойилига асосланган мультимодал ташувлар тизимини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Шунингдек, Тошкентнинг қулай географик ўрни Жануби-Шарқий Осиё ва Европа ўртасидаги авиа йўналишларда қўшимча учиш масофасини сезиларли даражада қисқартириш имконини бериши таъкидланди. Айрим рақобатчи хабларда қўшимча учиш масофаси 6 фоиздан ортиқ бўлган бир шароитда, Тошкент йўналишларида бу кўрсаткич 1 фоиздан камни ташкил этади.
«Бизнинг асосий вазифамиз — ана шу табиий географик устунликни барқарор транзит оқимлари ва янги иқтисодий имкониятларга айлантиришдир. Шу муносабат билан барча авиакомпаниялар, лизинг компаниялари ва инвесторларни ушбу жараёнда фаол иштирок этишга таклиф этамиз», — деди Жамолиддин Назаров.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик учун очиқ бўлиб, янги авиа йўналишларни йўлга қўйиш, тижорат ҳуқуқлари бўйича барқарор ва прогноз қилинадиган сиёсатни амалга ошириш, авиация бозори инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Асосий мақсад — Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё осмонини очиқ, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан жозибадор маконга айлантириш, минтақавий авиация салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда халқаро транспорт-логистика алоқаларини янги босқичга олиб чиқишдир.









