Соҳа фахрийларига эҳтиром: Самарқандга маънавият ва таассуротларга бой саёҳат ташкил этилди
2026-11-13 16:15:00 / Янгиликлар

Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад умрининг салмоқли қисмини транспорт соҳаси ривожига бағишлаган, ўзининг фидокорона меҳнати, бой тажрибаси ва касбига садоқати билан соҳанинг бугунги тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фахрийларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратишдан иборат.
Саёҳатда автомобиль, темир йўл, ҳаво транспорти ва транспорт тизимининг бошқа йўналишларида фаолият юритган, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган соҳа фахрийлари иштирок этдилар.
Саёҳат давомида иштирокчилар Самарқанднинг бой тарихий ва маданий мероси, қадимий меъморий обидалари ҳамда диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишиб, шаҳарнинг бетакрор муҳитидан баҳраманд бўлдилар.
Айниқса, турли йўналишларда меҳнат қилган фахрийларнинг бир даврада жам бўлиши, ўзаро самимий суҳбатлар қуриши, меҳнат фаолияти билан боғлиқ ёрқин хотираларини ёдга олиши саёҳатга ўзгача файз бағишлади. Улар кундалик ташвишлардан бир муддат узоқлашиб, ҳамкасблари ва қадрдонлари даврасида мароқли дам олиш, дилдан суҳбатлашиш ҳамда кўтаринки кайфиятда ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлдилар.
Мазмунли мулоқотлар, самимий учрашувлар ва унутилмас таассуротларга бой ўтган ушбу саёҳат фахрийлар қалбида илиқ хотиралар қолдирди.
Транспорт вазирлиги тизимида фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш, авлодлар ўртасидаги устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш ҳамда кексаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этишга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади.






