Тошкентда йўл ҳақи тўловлари назорати кучайтирилди
2026-11-10 17:05:00 / Янгиликлар

Шу билан бирга, айрим йўловчилар томонидан йўл ҳақини белгиланган тартибда тўламаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур қоидабузарликларнинг олдини олиш, тўлов маданиятини юксалтириш ҳамда жамоат транспортида белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида кучайтирилган назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда йўл ҳақи тўловлари назорат қилиниб, қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда. Шунингдек, йўловчиларга электрон тўлов тизимидан фойдаланиш ва тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Маълумот учун: 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддаси бўйича жами 138 780 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шундан 25 596 таси октябрь ойига тўғри келиб, 10 ойлик умумий кўрсаткичнинг 18,4 фоизини ташкил этган.
Жорий йилнинг 1–9 ноябрь кунларида эса 7 757 та, яъни кунлик ўртача 862 та маъмурий баённома тузилган. Шу тариқа, 2026 йилнинг 1 январидан 9 ноябрига қадар расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони 146 537 тага етган.
Транспорт вазирлиги йўловчиларни жамоат транспортидан фойдаланишда белгиланган қоидаларга риоя этишга ҳамда йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга чақиради.









