Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитой билан авиақатновлар сонини оширади
2026-11-09 10:00:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этди.
Анжуман доирасида «Ҳаво ипак йўли»ни биргаликда барпо этиш бўйича келишув ижросини таъминлаш, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги авиация соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш, меъёрий-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш ҳамда илғор технология ва тажрибаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, фуқаро авиацияси инфратузилмасини ривожлантириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, соҳада «яшил» ва «ақлли» технологияларни кенг жорий этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мунтазам юқори даражадаги учрашувлар механизмини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида иштирокчи давлатлар ўртасида авиақатновларни янада кенгайтириш юзасидан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари ўртасидаги музокаралар натижасида:
- Тошкент – Олмаота ва Тошкент – Остона йўналишларининг ҳар бирида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 42 тадан 60 тагача ошириш ;
- қолган барча йўналишларда парвозлар сонини ҳафтасига 14 тадан 20 тага ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой авиация маъмуриятлари ўртасидаги музокаралар якунига кўра, икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 100 тадан 114 тагача ошириш ҳуқуқи берилди. Эришилган келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг халқаро авиация бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро транспорт-логистика боғлиқлигини ошириш, йўловчилар учун сафар имкониятларини кенгайтириш ҳамда савдо-иқтисодий ва туристик алоқаларни жадаллаштиришга хизмат қилади.
Шу маънода, мазкур анжуман ва икки томонлама музокаралар «Ҳаво ипак йўли»ни биргаликда барпо этиш йўлидаги навбатдаги муҳим амалий қадам бўлди.
Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши 2027 йилда Қирғизистонда ўтказилиши белгиланди.







