“Олот” чегара божхона постида ўтказувчанликни ошириш ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-04 20:00:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар давомида асосий эътибор Давлатимиз Раҳбари томонидан қўйилаётган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ушбу постнинг ўтказувчанлик қувватини ошириш, транспорт воситаларининг чегарадан узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш, шунингдек, юк ташиш жараёнларини янада соддалаштириш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Мазкур пост орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари оқими йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойида пост орқали 243 мингдан зиёд транспорт воситаси ҳаракатланган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 баробарга ошганини англатади. Айни пайтда суткасига 1200 тагача автотранспорт воситаси ушбу пост орқали кириб-чиқмоқда.
Мазкур ўсиш суръатлари пост инфратузилмасини замон талаблари асосида такомиллаштириш, мавжуд ташкилий механизмларни қайта кўриб чиқиш ва транспорт оқимини самарали бошқаришни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ўрганиш давомида ўтказувчанликни оширишга қаратилган бир қатор муҳим таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, қўшни давлат томонидан пандемия даврида жорий этилган “тиркама алмашиш механизми”дан воз кечиб, анъанавий халқаро юк ташиш тизимига қайтиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.
Агар ушбу механизм бекор қилинса, чегарадаги ортиқча назорат жараёнларини қисқартириш, транспорт воситаларининг ҳаракатини тезлаштириш имконияти юзага келади.
Яна бир муҳим таклиф – икки давлатнинг нейтрал ҳудудларини боғловчи “Ёмонжар” канали устидан ўтган, 1978 йилда қурилган ва бугунги кунда техник жиҳатдан эскирган кўприк ўрнига замонавий, кенг ва юқори ўтказувчанликка эга янги кўприк барпо этиш масаласи ҳам жойида кўриб чиқилди.
Янги кўприкни ҳар икки йўналишда камида иккитадан юк автомобили ҳаракатланишига мўлжалланган ҳолда қуриш таклиф этилмоқда. Бу эса юк ташиш жараёнларини тезлаштириш, чегара ҳудудида тирбандликларни камайтириш, шунингдек, пиёдалар ва енгил автотранспорт воситалари ҳаракати учун ҳам қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Билдирилган таклифлар тегишли идоралар томонидан атрофлича ўрганилиб, уларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади. Шундан сўнг, асослантирилган таклифларни юқори даражада кўриб чиқиш учун киритилиши белгиланди.

