НАМАНГАНДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ
2026-10-28 12:00:00 / Янгиликлар

Оммавий сайёр қабул давомида фуқаролар ҳамда вилоятда йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари тингланди.
Унда ҳудудда транспорт хизматларини кўрсатиш жараёнида юзага келаётган муаммоли масалалар, шунингдек, ҳудуд аҳолиси вакиллари томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Жами 30 нафар жисмоний ва юридик шахс иштирок этган қабулда айрим мурожаатларга жойида ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Хусусан, Наманган шаҳрида ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатларига барҳам бериш юзасидан билдирилган мурожаат кўриб чиқилиб, Транспорт назорати инспекциясининг вилоят ҳудудий бўлимига мунтазам назорат тадбирларини ўтказиш белгиланди.
Фуқаро Муҳаммад Жалоловнинг Шербулоқ – Хонабод йўналишида автомобиль йўлининг таъмирталаб қисмини асфалтлаш ҳамда Д-106 йўлининг 8-9 км оралиғида светофор ўрнатиш билан боғлиқ мурожаати вилоят автомобиль йўллари бошқармаси ҳамда Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси назоратига олинди.
Шунингдек, фуқаро Алижон Паттаевнинг Наманган шаҳрида ҳаракатланаётган замонавий автобуслар қатновини Тўрақўрғон тумани марказига қадар узайтириш ҳамда фуқаро Обид Тохировнинг Уйчи туман марказидан Наманган шаҳрига автобус қатновини ташкил этиш борасидаги мурожаатлари вилоят транспорт бошқармаси назоратига олинди.
Вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан қўшимча автобуслар олиб келиниши билан Наманган шаҳрига туташ агломерация ҳудудларини ҳам брутто-шартномаси асосида фаолият юритувчи йўналишлар билан босқичма-босқич қамраб олиниши режалаштирилганлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Қўшимча ўрганиш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъул мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.









