РАСМИЙ МУНОСАБАТ Назарбек ҳудудида жамоат транспорти қатновларини яхшилаш бўйича янги йўналишлар ташкил этилади
2026-10-23 12:55:00 / Янгиликлар

Амалдаги автобус йўналишлари
Ҳозирги кунда Тошкент вилоятининг Зангиота туманини Тошкент шаҳри билан боғловчи 15 та автобус йўналиши брутто-шартнома асосида фаолият юритмоқда.
Жумладан Назарбек ҳудуди орқали ҳаракатланувчи
🔹 134-сонли “Боғишамол маҳалласи — Чилонзор метроси” автобус йўналишида 11 та “Yutong GAZ” русумли катта сиғимли автобус хизмат кўрсатиб, кун давомида 134 та қатновни амалга оширади. Автобусларнинг ўртача ҳаракат оралиғи 13 дақиқани ташкил этади.
🔹 135-сонли автобус йўналишида 9 та “SAZ LE-60” русумли автобус хизмат кўрсатиб, кун давомида 119 та қатновни амалга ошириши режалаштирилган. Мазкур йўналишда автобусларнинг ҳаракат оралиғи 14 дақиқани ташкил этади.
Бундан ташқари, 1253-сонли “Тўқимачилар-15 — Чилонзор метроси” ҳамда 1254-сонли “Тўқимачилар-15 — Чорсу савдо маркази” йўналишларида йўналишли таксилар ҳам аҳолига транспорт хизматларини кўрсатмоқда.
🚌 Янги автобуслар ва йўналишлар ташкил этилади
Бугунги кунда “Keles Renesans” МЧЖ томонидан Хитойнинг “ZHONGTONG” компаниясида ишлаб чиқариладиган 54 та янги автобусни харид қилиш бўйича шартнома имзоланган ва дастлабки тўловлар амалга оширилган.
Ушбу автобусларнинг 2026 йил ноябрь ойи охирига қадар етиб келиши кутилмоқда.
Йўловчилар оқимини инобатга олган ҳолда, янги автобусларни Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларини Тошкент шаҳри билан боғловчи, брутто-шартнома асосида ташкил этилиши режалаштирилган қуйидаги йўналишларга бириктириш кўзда тутилган:
🔹 162-сонли — “Қушқўнди маҳалласи — Чорсу савдо маркази АШБ”;
🔹 163-сонли — “Тўқимачилар маҳалласи — Чорсу савдо маркази АШБ”;
🔹 167-сонли — “Тошкент жамоа хўжалиги — Чорсу савдо маркази АШБ”.
Хусусан, 163-сонли “Тўқимачилар маҳалласи — Чорсу савдо маркази АШБ” йўналиши Тошкент вилоятидаги Тўқимачи маҳалласи, Назарбек ва Тарнов ҳудудлари, Шифобахш сувлар ҳамда Беруний кўчалари орқали ҳаракатланиши режалаштирилган.
Янги йўналишларнинг ишга туширилиши Тошкент ва Зангиота туманлари аҳолисининг пойтахтга қатнов имкониятларини кенгайтириш, автобусларни кутиш вақтини қисқартириш ҳамда амалдаги йўналишлардаги йўловчилар юкламасини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аҳолига қулай, ишончли ва сифатли жамоат транспорти хизматларини кўрсатиш йўналишидаги ишлар давом эттирилади.
