Ўзбекистон ва Корея транспорт бошқарувида сунъий интеллект ечимларини ривожлантиришни муҳокама қилди
2026-10-22 14:55:00 / Янгиликлар

Корея Республикасининг Канин шаҳрида ўтказилаётган ITS (Интеллектуал транспорт тизимлари) Бутунжаҳон конгресси доирасида 21-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров Корея Республикаси Ер, инфратузилма ва транспорт вазири ўринбосари Чон Ий Кён билан учрашди.
Мулоқот давомида замонавий автомагистралларни бошқариш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда транспорт оқимларини реал вақт режимида кузатиш ва таҳлил қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, интеллектуал светофорлар ва сунъий интеллектга асосланган транспорт бошқаруви ечимларини жорий этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай технологиялар транспорт оқимларини самарали бошқариш, тирбандликларни камайтириш ва йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Учрашувда халқаро темир йўл ҳамкорлиги масалалари ҳам кўриб чиқилди. Корея томони Халқаро темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти (ОСЖД) фаолиятида иштирок этиши ва ташкилотга аъзо бўлиши масаласида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, Корея томони Ўрта коридорни биргаликда ривожлантириш, унинг транзит салоҳиятини ошириш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда мазкур йўналишдаги истиқболли инфратузилма лойиҳаларини ҳамкорликда амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.


