Ўзбекистон делегацияси ITS World Congress 2026 халқаро конгрессида иштирок этмоқда
2026-10-20 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 19 – 23-октабр кунлари давом этадиган халқаро конгресс “Ҳаракатланиш доирасидан ташқари — ўзаро боғланган дунё” (“Beyond Mobility, Connected World”) мавзусига бағишланган бўлиб, унда дунёнинг турли мамлакатларидан давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, соҳа мутахассислари ва етакчи компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасининг Каннин шаҳрида бўлиб ўтаётган ITS World Congress 2026 — Интеллектуал транспорт тизимлари бўйича 32-жаҳон конгресси тадбирларида иштирок этди.
Конгресснинг биринчи кунида Ўзбекистон делегацияси халқаро кўргазма билан танишди. Унда интеллектуал транспорт тизимлари, сунъий интеллект асосида транспорт ҳаракатини бошқариш, транспорт воситалари ва инфратузилма ўртасидаги ўзаро алоқа технологиялари, электрон тўлов тизимлари ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий ечимлар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур халқаро конгрессдаги иштироки мамлакатимиз транспорт тизимини рақамлаштириш, интеллектуал транспорт технологияларини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва Корея Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.




