Ўзбекистон ва АҚШ: транспорт соҳасида стратегик ҳамкорлик ва янги инвестициявий имкониятлар
2026-10-20 13:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Махкамов Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари бизнес-форумининг “Энергетика ва транспорт инфратузилмаси” мавзусидаги стратегик панель сессиясида нутқ сўзлади.
Вазир ўз нутқида мамлакатимиз транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларидаги салоҳиятни тўлиқ ишга солиш ҳамда соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳаларга алоҳида тўхталди.
Вазир Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик тарихга эга эканлигини қайд этиб, 1998 йилда Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб АҚШ билан “Очиқ осмон” тўғрисидаги битимни имзолаганлиги ва бугунги кунда Тошкент – Нью-Йорк йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан 22 та Boeing 787 Dreamliner самолётига буюртма берилгани ушбу ҳамкорликнинг муҳим натижаси эканлигини билдирди.
И.Махкамов транспорт ва логистикани Америка компаниялари учун энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида эътироф этиб, ҳамкорларни Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда самолётларни юк ташишга мослаштириш лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилди.
Шунингдек, вазир Ўзбекистоннинг халқаро транспорт йўлаклари кесишмасидаги стратегик ўрнига алоҳида эътибор қаратиб, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда янги автомобиль ва темир йўл инфратузилмаси лойиҳалари мамлакатимизнинг транзит имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, 2027 йилда Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида замонавий логистика марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур марказлар юкларни сақлаш, қайта ишлаш ва тақсимлаш хизматларини ривожлантириш, халқаро савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда янги инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ўзбекистон ҳар йили катта ҳажмдаги мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилади. Шу боис замонавий совутгичли омборлар ва тезкор етказиб бериш тизимларини ривожлантириш экспорт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Бу йўналишда америкалик компаниялар учун ҳам инвестиция ва технологик ҳамкорлик имкониятлари мавжуд.
Америкалик инвесторлар логистика марказларини молиялаштириш, қуриш ва бошқариш, омборларни автоматлаштириш, юкларни кузатиш тизимлари ҳамда рақамли платформаларни жорий этиш, шунингдек, халқаро бошқарув тажрибаси ва стандартларини татбиқ қилишда иштирок этишга таклиф қилинди. Мазкур марказлардан АҚШ компаниялари маҳсулотларини минтақа бўйлаб тақсимлаш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Илҳом Махкамов халқаро стандартларга жавоб берадиган логистика марказлари учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, 2040 йилгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод этиш механизмини жорий этиш режалаштирилаётганини қайд этди.
Вазир америкалик инвесторларни транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини молиялаштириш, қуриш ва бошқариш, шунингдек, логистика жараёнларига илғор технологиялар ва рақамли ечимларни жорий этишда фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

