Тарихий адолат ва миллий хотира
2026-10-19 12:00:00 / Янгиликлар

Зеро, тарихни билиш миллатнинг ўзига бўлган ҳурмати ва масъулиятидир. Тарихни билган авлод ўзлигини яхшироқ англайди. Ўзлигини англаган авлод эса эркинликнинг қийматини чуқурроқ ҳис қилади.
Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлоднинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб борган, азиз жонларини фидо қилган аждодларимиз хотираси биз учун муқаддас.
Қатағон қурбонларини йод этиш, уларнинг фидокорлигини ёш авлодга етказиш мақсадида ташкил этилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир доирасида Транспорт вазирлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига ташриф буюрди.
Қатағон қурбонлари давлат музейига ташриф тарихимизнинг оғриқли, аммо унутилмас бўлагига юзланиш, ўтган аждодларимизга нисбатан адолатни тиклаш ва келажак учун сабоқ олиш имконияти бўлди.
XX аср бошида, хусусан 1930 йилларда мамлакатимизда жуда оғир сиёсий таъқиблар ва репрессиялар бўлиб ўтди. Ушбу даврда юз минглаб инсонлар ноҳақ айблар билан қамалди, ўлдирилди, туғилган жойларидан сургун қилинди, ҳақоратлар ва жазоларга дучор бўлди. Бу қатағонлар нафақат маърифатпарвар зиёлилар, балки оддий деҳқон, ўқитувчи, илмий ходим, шифокор каби юртга фидойи инсонларни ҳам ўз гирдобига тортиб кетди.
Улар орасида ўзбек халқи маънавияти, маданияти, илм-фанига улкан ҳисса қўшган алломалар – Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир ва яна кўплаб зиёлилар бор эди. Улар қалами, сўзи билан миллат уйғонишига хизмат қилган эди.
Қатағон қурбонлари давлат музейи ана шу ҳалок бўлган, ноҳақ жабр кўрган инсонлар хотирасига бағишланган муқаддас маскандир. Бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир фотосурат, ҳар бир ҳужжат – ўтганни эслаш ва келажакни тўғри қуриш учун муҳим далил.
Қатағон қурбонларини эслаш – фақат тарихий вазифа эмас, балки маънавий қарз, инсоний бурч, фуқаролик масъулияти. Ватан учун, миллат учун, халқ учун курашган қаҳрамон аждодларимиз жасорати биз учун доимо ибрат мактаби бўлиб қолади.
Бугун биз эркин, мустақил мамлакатда яшамоқдамиз. Лекин бу эркинлик қанчалик қимматга тушганини унутмаслигимиз зарур. Бу музей – нафақат тарих, балки ҳар биримиз учун маънавий дарс, жавобгарлик ва хотира макони.
Қатағон қурбонлари фидокорлиги, жасорати ва ор-номусини йодга олиш, уларнинг орзулари йўлида меҳнат қилиш – биз, янги авлоднинг муқаддас бурчимиз.







