Жамоатчилик кенгаши Тошкент вилоятида
2026-10-17 15:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Тошкент вилоятида бўлиб, вилоят шаҳар ва ҳудудларида аҳолига ҳар томонлама қулай, сифатли ва хавфсиз транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан мониторинг тадбирларини олиб борди.
Дастлаб, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Тошкент вилояти транспорт бошқармасида бўлиб, Ангрен, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳри ҳамда вилоят ҳудудида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар билан яқиндан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ–59-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида аҳолига сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига Тошкент вилоятининг Ангрен, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Янгийўл шаҳарларида транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режалари ҳамда Чирчиқ шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ва транспорт ҳаракатини ташкил этиш режаси тасдиқланган.
Юқорида қайд этилган шаҳарларнинг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режалари асосида 2025 йил якунида вилоятнинг Нурафшон, Олмалиқ ва Ангрен шаҳарларида брутто шартномаси асосида 8 та автобус йўналиши 64 та ҳаракат жадваллари билан йўловчи ташиш фаолиятини бошлаган ҳамда 2025- йил якунида 8 та йўналишда 4 029 031 та йўловчи ташилган бўлса, 2026 йилнинг ўтган ярим йиллиги мобайнида ушбу 8 та йўналишда ташилган йўловчилар сони 5 340 070 тани ташкил этмоқда.
Ушбу 8 та йўналишда ташилган йўловчилар сони 2025 йил якунига нисбатан ўртача 1,325 баробар(32,5 фоиз)га ошган. 2026- йилнинг 9 ойи якунига келиб, ишлаб чиқилган транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режалари асосида Нурафшон, Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон, Янгийўл, Чирчиқ шаҳарларида 14 та автобус йўналиши 114 та ҳаракат жадваллари билан Брутто шартномасида кўзда тутилган тартибида йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширмоқда ҳамда 2026 йилнинг сентябрь ойи мобайнида ташилган йўловчилар сони 1 613 197 тани ташкил этмоқда.
Жамоатчилик кенгаши вакиллари шу ерда марказлашган диспетчерлик хизмати фаолияти билан яқиндан танишиб, брутто-шартномаси асосида йўналишларга бириктирилган автобусларнинг босиб ўтилган йўл ва сифат мезонлари бўйича баҳоланиши юзасидан “Тошкент вилояти йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” ДМ мутасаддиларидан батафсил жавоб олди.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келган мурожаатларга берилган жавоблар сифати таҳлил қилиниб, айрим таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ҳамда хизматлар сифатини янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Вилоятда жамоат транспортини ташкил этиш юзасидан 2025 йилда 220 та мурожаат келиб тушган, 2026 йилнинг III чораги якунига келиб мурожаатлар сони 263 тани ташкил этган. Вилоятнинг брутто шартномаси асосида автобусларда йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширилаётган ҳудудларида 2025 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича жамоат транспортни ташкил этиш бўйича жами 53 та мурожаат келиб тушган, 2026 йилнинг шу даврида эса мурожаатлар сони 57 тани ташкил этди. Мурожаатлар сони 4 тага ёки 7,55 фоизга ошган.
Шаҳарлар кесимида энг катта ўсиш Чирчиқ шаҳрида кузатилиб, мурожаатлар сони 14 тадан 25 тага, яъни 11 тага ошган. Нурафшон шаҳрида мурожаатлар сони 1 тадан 3 тага кўпайган. Шу билан бирга, Олмалиқ шаҳрида мурожаатлар сони 15 тадан 13 тага, Янгийўл шаҳрида 4 тадан 2 тага, Бекобод шаҳрида 1 тадан 0 тага ҳамда Оҳангарон шаҳрида 6 тадан 2 тага камайган. Ангрен шаҳрида эса мурожаатлар сони ўзгаришсиз қолиб, 12 тани ташкил этган.
Кенгаш аъзолари бевосита автобус йўналишларида фуқаролар билан мулоқот қилиб, кўрсатилаётган транспорт хизматлар сифати юзасидан аҳолининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдилар.









