Жамоат транспорти билан маҳаллалар қамрови 98,8 фоизга етди, кунлик йўловчилар сони 2,6 миллион нафарга чиқди
2026-10-16 13:00:00 / Янгиликлар

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар, жамоатчилик фаоллари, Транспорт вазирлиги, Транспорт назорати инспекцияси, «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, “Тошкент метрополитени” АЖ, “АТТО” АЖ мутасаддилари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида республикада жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижалари маълум қилинди.
Юртимиз жамоат транспорти кейинги йилларда авваллари энг кўп танқид қилинадиган соҳадан қисқа вақтда катта ислоҳотларга юз буриб, сезиларли янгиланишлар олиб кирилган тизимга айланди. Ҳозир одамлар доимий қатнов учун автобус ёки метрода ҳаракатланиш анча қулайлиги ҳақида гапиряпти. Амалиётда ҳам йўловчилар оқими ошиб бораётганини кўриш мумкин, рақамлар тез-тез янгиланяпти.
Республикада жамоат транспортининг умумий ҳолати
Бугунги кунда республикамизда 3 389 та тадбиркорлик субъекти 374 536 та автотранспорт воситасида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Шундан жамоат транспорти йўналишларида жами 36 878 та автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, бундан 8 174 таси автобус, 4 855 таси микроавтобус ва 23 849 таси “Дамас” автомашиналарини ташкил этади.
Бундан ташқари, 335 541 та ўзини-ўзи банд қилган шахслар, йўналишсиз такси фаолиятида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиб келмоқда.
Республикада жами 2 868 та йўловчи ташиш йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу йўналишлардан 653 таси шаҳар ҳудудида, 2 041 таси шаҳар атрофида, 174 таси вилоят ҳудудида шаҳарлараро йўналишларни ташкил этади.
Йўналишлар автотранспортлар тури бўйича 1 412 таси М1 тоифадаги (енгил автомобиллар), 362 таси М2 тоифадаги (микроавтобуслар) ва 1 094 таси М3 тоифадаги (автобуслар) йўналишларни ташкил этади.
Ҳудудларда жамоат транспорти хизматларини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар
2020–2026 йилларда республика бўйича 1 037 та янги жамоат транспорти йўналиши ташкил этилди. Бугунги кунда жами 2 868 та йўналиш мавжуд.
Улардан 653 та шаҳар ичида, 2 041 таси шаҳар атрофида, 174 таси вилоят ҳудудида шаҳарлараро қатновларни қамраб олган.
Амалга оширилган чоралар натижасида жамоат транспорти билан қамраб олинган маҳаллалар сони 9 331 тага етди. Қамраб олинмаган маҳаллалар сони 2021 йилдаги 1 118 тадан 111 тагача қисқарди, қамров даражаси эса 87,9 фоиздан 98,8 фоизга етди.
Иқтисодий фаол аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 2022 йилдаги 21 фоиздан 2026 йилда 37 фоизга ошди.
Ҳудудларнинг марказий шаҳарларида йўловчи ташиш тизимини “брутто-шартнома” тизими асосида ташкил этиш натижасида кунлик йўловчи ташиш 2 362 минг нафарга Тошкент шаҳрида автобусларда кунига 1 503 минг нафарга етган.
Бу кўрсаткич 2023 йил ҳолатига 1 451 млн.нафар ни ташкил этса бўлса, Тошкент шаҳрида 650 минг.нафар бўлган.
Шунингдек, бир кунда ўртача 3 300 тадан ортиқ автобуслар йўналишларга чиқарилиб, 51 200 тадан ортиқ қатновларни амалга оширмоқда.
Брутто-шартнома тизимининг аҳамияти, ушбу механизм орқали эришилган натижалар
Брутто-шартнома тизимида ташувчига тўлов йўловчи тушумига эмас, балки бажарилган транспорт иши ҳажми ва хизмат сифати кўрсаткичларига боғланади. Транспорт Бош режаларида республика бўйича жами 418 та брутто йўналиш шакллантирилган бўлиб, ҳозирда 282 та йўналиш амалда брутто-шартнома асосида ишламоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрида 169 та йўналишда 1 650 та автобус, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 113 та йўналишда 1 359 та автобус брутто тизимида фаолият юритмоқда. Брутто йўналишларида автобуслар ҳаракатини онлайн назорат қилиш ва бажарилган транспорт ишини ҳисобга олиш учун IVMS ахборот тизими жорий этилган.
Натижада ҳаракат интервали ўртача 18–20 дақиқадан 10–12 дақиқага, йўловчининг манзилга етиб бориш вақти 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқарган. Республика бўйича кунлик йўловчи ташиш ҳажми 1,2 млн нафардан 2,6 млн нафарга ошган. Тошкент шаҳрида кунлик йўловчи оқими 650 минг нафардан 1,4 млн нафарга, ҳудудлар марказий шаҳарларида эса 600 минг нафардан 1,2 млн нафарга етган.
Жамоат транспорти ҳаракат таркибининг янгиланиши
2023-2026 йиллар давомида жами 3 500 та автобус (шундан 753 таси электробус) харид қилиниб, мунтазам йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилди.
Шунингдек, ҳудудлардаги 235 та М1 тоифадаги автотранспорт (Damas) воситалари ҳаракатланадиган йўналишлар учун жами 2 264 та микроавтобуслар харид қилинди.
Бундан ташқари, “Хоразм троллейбус саройи” давлат муассасасига 10 та янги замонавий троллейбус харид қилинди. Мазкур троллейбуслар “Урганч темир йўл вокзали-Хива ш” йўналишига жойлаштирилади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобига Нукус (112 та), Самарқанд (50 та) ва Наманган (100 та) шаҳарлари жамоат транспорти учун жами 252 та электробус харид қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 2030 йилга қадар Республиканинг шаҳар ва туманларида янги автобусларни сонини 5 мингтага ҳамда электробуслар сонини 2 мингтага етказиш режалаштирилган.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 106 та янги мунтазам йўналишлар ташкил қилинди. Шундан, 50 таси автобус, 17 таси микроавтобус ҳамда 39 таси “Damas” йўналишларини ташкил этади.
Бугунги кунда Республика бўйича жами жами 17 та автовокзал ва 161 та автостанция мавжуд. Автостанциялар мавжуд бўлмаган ҳудудларга автостанциялар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш бўйича режалар белгилаб олинган бўлиб, 2026 йилда 5 та янги автостанция қурилди ҳамда мавжуд 5 та автостанциялар реконструкция қилинди.
Мунтазам йўловчи ташиш йўналишларида фаолият кўрсатадиган автотранспорт воситалари учун жами 16 821 та оралиқ тўхташ бекатлари мавжуд бўлиб, 2026 йилда 443 та бекат қурилди ҳамда 449 таси эса реконструкция қилинди.
Шаҳарларда аҳолини қулай жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ошириш мақсадида, аввало инфратузилмани ривожлантириш, етишмаётган бекатларни ташкил этиш, автобусларга устуворлик бериш учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, автобуслар қатнови мунтазамлигини таъминлаш муҳим касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент, Нукус ҳамда вилоят марказларидаги шаҳарларда жами 432,3 км алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилган. 2026 йилда яна 87 км алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилиб фойдаланишга топширилган.
Жамоат транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ва режалар
2026–2027 йилларда жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, йўналишлар тармоғини кенгайтириш, ҳаракат таркибини янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқарувни рақамлаштириш асосий устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Биринчидан, барча шаҳарлардаги жамоат транспорти йўналишларини босқичма-босқич брутто-шартнома тизимига ўтказиб, амалдаги 282 та йўналишни 418 тага етказиш режалаштирилган. Қўқон, Шаҳрисабз ва Хива шаҳарларида брутто тизими жорий этилади, шаҳар агломерацияларини қамраб олувчи 90 та янги брутто йўналиш ташкил этилади.
Иккинчидан, ҳаракат таркибини янгилаш доирасида брутто йўналишлари учун 1 800 та янги автобус, қишлоқ ва олис ҳудудларни қамраб олиш ҳамда “Damas” автомобилларини босқичма-босқич алмаштириш учун 500 та автобус ва 1 000 та микроавтобус харид қилиш кўзда тутилган.
Учинчидан, марказий шаҳарларнинг транспорт Бош режаларида 248 та йўналиш, 2 551 та автобус, 747 км алоҳида автобус йўлаклари, 2 904 та бекат, 365 км велойўлак, 34 та транспорт ўтиш боғламаси ва 34 та автотураргоҳ ташкил этиш назарда тутилган.
Тўртинчидан, жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 16 та автовокзал ва автостанция ҳамда 743 та оралиқ автобус бекатини қуриш ва реконструкция қилиш, шаҳарларда 150 км алоҳида автобус йўлаклари ташкил этиш режалаштирилган.
Бешинчидан, экологик тоза транспортни кенгайтириш доирасида Нукус, Самарқанд ва Наманган шаҳарлари учун жами 252 та электробус харид қилиш лойиҳаларини амалга ошириш, Тошкент метрополитени учун 14 та янги поезд — 56 та вагон олиб келиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, барча брутто йўналишларида йўл ҳақи тўловларини тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказиш ҳамда транспорт Бош режаларини амалга ошириш учун марказий шаҳарларнинг транспорт инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш дастурини амалга ошириш белгиланган.








