Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўлкира тарифларини белгилаш ва ушбу жараёнда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари тўғрисида маълумот
2026-09-30 15:00:00 / Янгиликлар

Ушбу қонуний асосга мувофиқ, пойтахтда жамоат транспорти (автобус ва метрополитен) тарифларини тасдиқлаш масъулияти бевосита Халқ Депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши зиммасига юклатилган.
Халқ Депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг «Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида йўлкира ҳақи тарифини белгилаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва каналлари орқали кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида тизимли ижтимоий сўровнома ўтказилган.
Ўтказилган сўровномада иштирок этган пойтахт аҳолиси ва йўловчиларнинг фикр-мулоҳазалари қуйидаги нисбатда шаклланган:
· 36,5 фоизи (энг кўп қисми): Агар жамоат транспорти йўналишларида қатнов интерваллари қисқариши ҳамда ҳаракат таркиби парки замонавий транспортлар билан янгиланиши тўлиқ таъминланган тақдирда йўлкира тарифини оширишга ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилган.
· 31,8 фоизи: Йўлкира ҳақини оширишга тўлиқ рози эканликларини билдириб, шаҳар транспортида энг муҳим жиҳат пул эмас, балки вақтни тежаш ва хизмат кўрсатиш сифати эканлиги таъкидлаган.
· 18,2 фоизи: Янги тарифларни қисман мақбул деб ҳисоблаган, бироқ йўлкира нархининг кўтарилиши уларнинг кундалик оилавий харажатларига муайян даражада салбий таъсир кўрсатишини қайд этган.
· 13,4 фоизи: Тарифларнинг ўзгартирилишини мутлақо номақбул эканлигини маълум қилган.
Қарорни қабул қилишда фақатгина жамоатчилик фикри эмас, балки тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминловчи объектив иқтисодий омиллар ҳам чуқур таҳлил қилинди.
Ушбу ижтимоий сўровнома жараёнида тўпланган кенг жамоатчилик фикри (жами 86,5 фоиз реал йўловчиларнинг тўлиқ, қисман ёки сифат шарти билан розилиги), аҳолининг иқтисодий имкониятлари ҳамда 2023 йилдан бери шаклланган харажатлар динамикасининг иқтисодий таҳлили Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг сессиясида батафсил кўриб чиқилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам (талабалар, нафақахўрлар, ногиронлиги бор шахслар) учун 50 фоизлик чегирмалар тўлиқ сақланиб қолаётгани ҳамда узоқ муддатли абонементлар орқали харажатларни тежаш имконияти яратилгани инобатга олинди.
Депутатлар томонидан пойтахт жамоат транспорти инфратузилмасини инқироздан асраш, молиявий барқарорликни таъминлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, йўлкира ҳақини ошириш бўйича бир овоздан тегишли қарор қабул қилинди.
