Халқаро экспертлар ва инвесторларга Ўзбекистонда транспорт-логистика марказларини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар тақдим этилди
2026-09-30 18:00:00 / Янгиликлар

Конференциянинг «Ўзбекистонда самарали логистика тармоғини барпо этиш сари» мавзусидаги махсус сессиясида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов «Ўзбекистонда логистика тармоғини ривожлантириш бўйича ҳукумат қарашлари» мавзусида тақдимот билан иштирок этди.
Тақдимот давомида мамлакатда логистика соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати, транспорт-логистика марказлари ва қуруқлик портлари тармоғини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган стратегик йўналишлар ва соҳада давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, 2021 – 2026 йилларда Ўзбекистонда логистика марказлари ва қуруқлик портлари тармоғини ривожлантириш бўйича қатор муҳим ишлар амалга оширилди. Шу даврда Ўзбекистон БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО)нинг Халқаро қуруқлик портлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимига қўшилди.
Шунингдек, транспорт-логистика соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, логистика марказларига қўйиладиган намунавий талаблар белгиланди. ЭСКАТО билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қуруқлик портлари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказилди.
2025 йилда республикадаги 80 дан ортиқ логистика объектлари намунавий талаблар асосида хатловдан ўтказилди. Натижада уларнинг 27 таси белгиланган талабларга жавоб бериши аниқланиб, тегишли реестрга киритилди. Ушбу марказларнинг 24 таси ЭСКАТОнинг «Халқаро қуруқлик портлари» рўйхатидан ўрин олди. Логистика марказлари фаолиятини баҳолаш ва уларнинг рейтингини юритиш амалиёти ҳам жорий этилди.
Айни пайтда мамлакатда умумий майдони 739 гектар бўлган 17 та логистика марказини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шундан 462 гектари янги, 277 гектари эса давом этаётган лойиҳаларга тўғри келади. Бундан ташқари, Хонобод, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларида ҳар бири 50 гектаргача бўлган янги ихтисослаштирилган зоналар ва логистика марказларини ташкил этиш режалаштирилган.
Келгуси босқичда логистика тизимини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. 2030 йилгача барча транспорт-логистика марказларида TOS, WMS, ANPR каби замонавий рақамли тизимларни жорий этиш ҳамда уларни ягона «E-Logistika» миллий платформасига интеграция қилиш кўзда тутилган. Тақдимотда, шунингдек, Ўзбекистонда замонавий 3PL логистика операторларини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
2027 йилда халқаро молия институтлари ҳамда Европа Иттифоқининг «Global Gateway» стратегияси доирасида транспорт-логистика марказларини ривожлантириш учун 200 миллион доллардан ортиқ имтиёзли кредит ресурсларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг транспорт-логистика салоҳиятини янада ошириш, халқаро транспорт йўлакларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда мамлакатда замонавий ва самарали логистика тармоғини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.





