Транспорт вазири Пекинда бўлиб ўтган Барқарор транспорт бўйича глобал форумда иштирок этди
2026-09-24 18:00:00 / Янгиликлар

Тадбир ҳукуматлар, транспорт идоралари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва ишбилармон доираларнинг юқори мартабали вакилларини халқаро транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, логистика занжирларининг барқарорлиги таъминлаш, соҳани рақамлаштириш ва янги технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш учун бирлаштирди.
Форумдаги нутқи давомида Транспорт вазири Илҳом Махкамов барқарор транспортни ривожлантириш, халқаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва замонавий логистика тизимларини шакллантириш борасида Ўзбекистоннинг устувор мақсадлари юзасидан фикр билдирди.
Вазир бугунги кунда глобал таъминот занжирларининг чуқур ўзгариши шароитида транспорт нафақат ёрдамчи соҳа, балки жаҳон иқтисодиётининг мустақил, стратегик аҳамиятга эга сектори мақомига айланиб бораётганини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Хитой томонидан илгари сурилган глобал ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва барқарор транспортни ривожлантириш мазкур ташаббуслари амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўришини қайд этди.
Тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон Евросиё минтақасида ишончли қуруқлик транзит йўлаклари тармоғини шакллантиришни ўзининг стратегик устувор йўналиши сифатида белгилаганлигини таъкидлади И.Махкамов.
Хусусан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро транспорт боғлиқлигини кучайтириш борасида «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли қурилиши фаол босқичга ўтгани, шунингдек, «Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон» Трансафғон темир йўли бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Марказий Осиёни «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарб» йўлаклари кесишмасидаги асосий транзит марказига айлантириб, савдо, саноат кооперацияси ва Евросиё маконининг интеграциялашуви учун улкан имкониятлар яратади.
Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва транспорт соҳасини «яшил» трансформация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда жамоат транспортини экологик тоза стандартларга ўтказиш, электромобилларни кенг жорий этиш ҳамда тегишли инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар қайд этилди.
Транспорт соҳасини рақамлаштириш барқарор логистиканинг муҳим омили сифатида қайд этилиб, e-PERMIT электрон рухсатномалар тизимининг жорий этилгани ва унинг Хитойни ҳам қўшган ҳолда 8 та давлат билан ҳамкорликда қўлланилаётгани, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон томонидан eTIR технологияси амалиётга татбиқ этилгани таъкидланди.
Форумнинг муҳим натижаларидан бири — барқарор транспорт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма ташаббусларни кенгайтириш ҳамда мамлакатлар ва минтақаларни ишончли боғлайдиган барқарор, самарали ва замонавий транспорт тизимини шакллантиришга қаратилган ёндашувларнинг илгари сурилгани бўлди.
Форумнинг якунида «Барқарор транспорт соҳасида глобал ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича» ҳадли дастур қабул қилинди. Ҳужжат давлатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, бизнес, илмий ва таълим муассасаларининг барқарор транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги учун кўп томонлама платформани шакллантиради.


