Хитой билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кейинги қадамлари белгиланди
2026-09-23 18:00:00 / Янгиликлар

Музокаралар чоғида томонлар транспорт соҳасидаги Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди.
Хусусан, икки мамлакат ўртасида халқаро автомобиль ташувларини янада кенгайтириш, миллий ташувчилар учун янада қулай шароитлар яратиш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, транспорт-логистика алоқалари самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, томонлар фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини, жумладан, Ўзбекистон ва Хитой шаҳарлари ўртасида авиақатновлар сонини ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ҳамда йўловчи ва юк авиаташувлари учун қўшимча имкониятлар яратиш масалаларини кўриб чиқдилар.
Учрашувнинг асосий якуни сифатида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома имзоланди.
Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши икки давлат ўртасида халқаро автомобиль ташувларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва автомобиль қатновини ривожлантириш учун замонавий шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Баённома қоидаларини амалга ошириш Ўзбекистон ва Хитой ташувчиларининг халқаро ташувларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш, мавжуд транспорт йўналишларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ҳамда ўзаро ва транзит юк оқимларини кўпайтириш учун қўшимча шароитлар яратиш имконини бериши кутилмоқда.
Ҳужжат, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, Хитойни Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа минтақалар билан боғлайдиган халқаро транспорт йўлакларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни изчил кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.



