22 сентябрь — «Халқаро автомобилсиз кун»
2026-09-21 17:00:00 / Янгиликлар

Бу кунда дунёнинг турли мамлакатларида инсонлар автомобилдан бир кунга воз кечиб, пиёда юриш, велосипед ҳайдаш ёки жамоат транспортидан фойдаланишга чорланади. Автомобилдан камроқ фойдаланиш биринчи навбатда атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламаларнинг камайиши ўз навбатида углерод изини қисқартиришга хизмат қилади.
Факт!
1950 йилдан бошлаб айрим мамлакатларда автомобилсиз кун ўтказила бошланган. 1956–1957 йилларда Нидерландия ва Бельгия автомобилсиз якшанбалар ташкил этилган. 1990 йилларнинг охирида Европанинг қатор шаҳарларида автомобилсиз лойиҳалар амалга оширилди. 2000 йил 22-сентабрда Европа автомобилсиз куни ўтказилди. Кейинчалик ушбу ташаббус дунёнинг кўплаб мамлакат ва шаҳарларига тарқалди.
Қадрли юртдошлар! Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Транспорт вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Глобал экологик жамғарма (GEF) барчани бир кунга автомобилдан воз кечиб, пиёда юриш, велосипед ёки жамоат транспорти каби «яшил» транспорт воситаларидан фойдаланишга чақиради.
Чунки автомобилда ҳаракатланмаслик ҳавога чиқадиган зарарли газларнинг камайишига ҳисса қўшиш демакдир. Бир кунлик танловимиз тоза ҳаво учун кичик, аммо муҳим қадам ҳисобланади. Ўзимиз яшаб турган, нафас олаётган масканни автомобиллар эмас, инсонлар учун қулай қилайлик!
