Темир йўл транспорти ва метрополитенда тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш ҳуқуқини беришнинг янги тартиби белгиланди
2026-09-21 11:00:00 / Янгиликлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 502-сон қарори билан мазкур давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Янги тартиб локомотив, мотор вагонли ҳаракатдаги таркиб (шу жумладан, юқори тезликдаги), махсус ҳаракатдаги таркиб ва метрополитен поездларини бошқариш ҳуқуқини олиш истагида бўлган машинистликка номзодлар учун ягона, аниқ ва шаффоф механизмни белгилайди.
Давлат хизмати Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан кўрсатилади.
Маъмурий регламентга мувофиқ, тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун номзод 18 ёшга тўлган, транспорт соҳасида тегишли касбий ёки олий маълумотга эга бўлиши, тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш бўйича амалиёт ўтаганлиги ҳақида ҳужжат тақдим этиши, шунингдек тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Номзоднинг назарий билимлари тест синовлари орқали баҳоланади. Тест 100 та саволдан иборат бўлиб, уни бажариш учун 50 дақиқа вақт берилади. Камида 80 балл тўплаган номзод тест синовидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
Муҳим жиҳатлардан бири — мазкур давлат хизматининг электрон шаклда кўрсатилишидир.
Маъмурий регламентда гувоҳномани бериш, шунингдек унинг амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш, дубликат бериш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби белгиланган. Машинистликка номзодлар белгиланган малака талабларига риоя қилиши ҳамда белгиланган тартибда даврий мажбурий тиббий кўриклардан ўтиши шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 502-сон қарори билан қуйидагилар белгиланмоқда:
2029 йил 1 январга қадар ҳозирги вақтда темир йўл ҳаракатдаги таркиби ва метрополитен поездларини бошқараётган барча машинистлар маъмурий регламентда белгиланган тартибга мувофиқ тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш ҳуқуқини берувчи янги намунадаги гувоҳномани олиши шарт;
2029 йил 1 январдан бошлаб мазкур янги намунадаги гувоҳномани олмаган машинистларга тортиш ҳаракатдаги таркибини эксплуатация қилиш тақиқланади;
маъмурий регламентда белгиланган тартибда тортиш ҳаракатдаги таркибини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун билимларни синовдан ўтказиш Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 502-сон қарори билан белгиланаётган ягона тартиб темир йўл транспорти ва метрополитенда машинистларнинг касбий тайёргарлигини баҳолаш, бошқариш ҳуқуқини бериш жараёнларини рақамлаштириш ва назоратни тизимлаштиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур тартиб поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда инсон омили билан боғлиқ хавфларни камайтириш ҳамда соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори 2027 йил 1 январдан кучга киради.
