Қозоғистон билан халқаро автомобиль ташувларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
2026-09-14 15:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳамда Қозоғистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Максат Калиакпаров раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда икки давлат ўртасида халқаро автомобиль ташувларини янада ривожлантириш, юк ва йўловчи ташувлари ҳажмини ошириш, рухсатнома бериш тизимини такомиллаштириш, транзит салоҳиятини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Хусусан, томонлар халқаро автомобиль ташувларида тегишли тартиб-таомилларни соддалаштириш ва рақамлаштириш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш, шунингдек, электрон ҳужжат айланмасига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи «узлуксиз транзит» механизмини жорий этиш бўйича икки томонлама Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Шунингдек, автомобиль транспортида мунтазам бўлмаган халқаро йўловчи ташувларини амалга оширишда рухсатнома электрон бланкалари тизимини 2027 йилдан бошлаб жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Учрашув давомида автомобиль транспорти инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт назорати самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ҳамда эришилган келишувларни амалий жиҳатдан таъминлашга келишиб олдилар.
