Аэропортлардан олдин — кадрлар: Ўзбекистон Корея билан қўшма авиация лойиҳалари учун мутахассисларни аллақачон тайёрламоқда
2026-09-13 11:00:00 / Янгиликлар

Замонавий авиацияни ривожлантириш фақат янги ҳаво кемаларини харид қилиш, аэропортлар инфратузилмасини модернизация қилиш ёки янги авиа йўналишларни очиш билан чекланмайди. Унинг энг муҳим стратегик омили — халқаро стандартлар асосида тайёрланган, замонавий технологияларни ўзлаштирган ва авиация индустриясининг келажак талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали инсон капиталидир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги авиация таълими соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Корея аэрокосмик университети (Korea Aerospace University — KAU) билан шаклланган ҳамкорлик, Ўзбекистонда янги авлод фуқаро авиацияси кадрларини тайёрлашнинг муҳим стратегик механизмига айланмоқда.
Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади — учувчилар, авиация менежерлари, ҳаво транспорти логистикаси мутахассислари ва бошқа авиация кадрларини халқаро талаблар асосида тайёрлаш, Кореянинг илғор таълим ва парвоз тайёргарлиги тажрибасини Ўзбекистонга трансфер қилиш ҳамда миллий авиация таълими учун барқарор кадрлар базасини шакллантиришдир.
Бугунги кунда Корея аэрокосмик университетида (KAU) «Парвоз эксплуатацияси», «Авиадиспетчерлик», «Авиация менежменти», «Ҳаво транспорти логистикаси», «Сервис менежменти», «Авиация бизнеси», «IT технологиялари ва киберхавфсизлик» ҳамда «Cabin crew» — жами саккиз йўналишда бакалавриат ва магистратура босқичларида 150 дан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.
Транспорт вазири И.Маҳкамов Корея Республикасига ташрифи давомида Корея аэрокосмик университети президенти Хо Хи Ён билан учрашув ўтказди.
Музокараларда қўшма таълим дастурларининг бориши, талабалар қабулини кенгайтириш, Ўзбекистонда ташкил этилаётган Учувчилар мактабида KAU иштироки ҳамда парвоз-инструкторлари ва ўқув-машқ ҳаво кемаларини жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.
Вазир шунингдек университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашиб, уларнинг ўқиш шароитлари, ўзлаштириш натижалари ва келгуси режалари билан танишди.
Талабалар билан учрашувда таълимни якунлагач, ёшларни Ватанда кутаётган иш ўринлари, Янги Тошкент ва Урганч аэропортлари, миллий авиакомпаниялар ва Ўзбекистонда ташкил этилаётган Учувчилар мактабидаги парвоз амалиёти масалалари муҳокама қилинди.


