Тошкент ва Урганч: Ўзбекистоннинг икки халқаро аэропорти жаҳон тажрибасига таянмоқда
2026-09-13 10:00:00 / Янгиликлар

Мазкур ташриф арафасида, 12-сентябрь куни Сеул шаҳрида Транспорт вазири Илҳом Махкамов «INCHEON INTERNATIONAL AIRPORT CORPORATION» (IIAC) раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Корея томонидан музокараларда корпорация раҳбари вазифасини бажарувчи Ким Бом Хо иштирок этди.
Музокараларда мамлакатимизда амалга оширилаётган икки йирик лойиҳа — Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш ҳамда Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Сеулдаги учрашувда Транспорт вазири Янги Тошкент халқаро аэропорти лойиҳасининг стратегик аҳамиятидан келиб чиқиб, батафсил лойиҳалаштириш ва техник ечимларни ишлаб чиқиш босқичига халқаро тажрибага эга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, махсус лойиҳа компанияси ҳамда эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш компанияларини ташкил этиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш таклифларини илгари сурди. Урганч аэропорти бўйича эса терминаллар қурилишини навбатдаги амалий босқичга ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор кадрлар масаласига қаратилди. Вазир иккала аэропорт ишга тушгунига қадар ўзбекистонлик мутахассислар учун Инчхон халқаро аэропорти базасида тайёрлаш, малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйишни таклиф этди. Таклифнинг мақсади — янги аэропортлар фойдаланишга топширилгунига қадар уларни бошқаришга қодир миллий мутахассислар захирасини шакллантириш.
Томонлар билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.

