Жамоат транспорти тарифи ва сифати: лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
2026-09-10 21:00:00 / Янгиликлар

Лойиҳага кўра, 1-октябрдан қуйидагиларни жорий этиш таклиф қилинмоқда:
• автобус ёки метрода бир марталик қатнов учун электрон тўлов — амалдаги 1700 сўм ўрнига 2500 сўм;
• нақд пул билан тўлов — амалдаги 3000 сўм даражасида қолдирилади;
• багаж ташиш ҳақи — 4000 сўм этиб белгиланади.
Барча нархлар ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда кўрсатилган. Шунингдек, лойиҳада доимий йўловчилар учун янги абонементлар ҳамда жамоат транспорти турлари ўртасида биридан иккинчисига ўтиш учун алоҳида тарифлар назарда тутилган.
Йўл ҳақи нархининг ҳар қандай ўзгариши аҳолининг кундалик харажатларига бевосита таъсир этади. Шу боис жамоат транспортининг харажатлари нималардан иборатлигини ва йўловчи бунинг эвазига қандай хизмат олиши кераклигини очиқ тушунтириш муҳим.
Бугунги кунда пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Тошкент кенгайиб, аҳолининг мунтазам ва қулай транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжи йил саин ортиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Метрополитен йўналишлари тармоғи кенгайтирилиб, ер усти йўловчи ташиш транспорти йўналишлари тармоғи билан интеграция қилинди. Шу билан бирга инфратузилмани модернизация қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳаракат таркиби қарийб икки баробар кенгайиб, автобуслар сони 1 900 тага яқинлашди. Уларнинг ўртача қатнов оралиғи эса 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарди. Йўналишлар тармоғи янги турар жой массивлари ҳамда пойтахтга туташ ҳудудларни қамраб олиш ҳисобига кенгаймоқда.
Бироқ, ҳаракат таркибини сотиб олишнинг ўзи етарли эмас. Унинг ҳар куни йўналишга чиқишини ва техник созлигини таъминлаш зарур. Харажатлар машинистлар, ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, ҳаракатдаги таркибга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, депо ва қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, шунингдек, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимларининг ишлашини ўз ичига олади.
Амалдаги тариф бу харажатларнинг фақат бир қисмини қоплайди. Ташувларни молиялаштириш бўйича асосий юк ҳамон давлат бюджети зиммасида қолмоқда.
Тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчиларга қўйиладиган аниқ талаблар билан биргаликда кўриб чиқилиши лозим.
Булар — қатновларнинг мунтазамлиги, белгиланган оралиқларга риоя этилиши, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда йўналишлар тармоғининг янада кенгайтирилишидир.
Таъкидлаймиз, тарифларни ўзгартириш бўйича лойиҳа очиқ муҳокама учун жойлаштирилган. Фуқаролар 19-сентябрга қадар ҳужжат билан танишиб, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини юборишлари мумкин.
Келиб тушган барча таклиф ва мулоҳазалар якуний қарорни тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилади. Жамоатчилик муҳокамаси якунланмагунига қадар тарифларни ўзгартириш бўйича қарор қабул қилинмаган.
