Транспорт вазири ICAO минтақавий офиси директори билан учрашди
2026-09-09 18:00:00 / Янгиликлар
9-сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган CANSO Eurasia ANSP’s Summit доирасида Транспорт вазири Илҳом Махкамов Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) Европа ва Шимолий Атлантика (EUR/NAT) минтақавий офиси директори Николас Ралло билан учрашди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва ICAO ўртасида фуқаро авиациясини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари ҳамда истиқболдаги қўшма ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, глобал авиация тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, авиация инфратузилмасини ривожлантириш, парвозлар хавфсизлиги даражасини ошириш ҳамда соҳани халқаро стандартлар асосида ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар авиация соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва амалий лойиҳаларни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидладилар.
