Жамоат транспортида "бепул" сафар қилаётганларга қарши назорат тадбирлари кучайтирилди
2026-09-09 15:00:00 / Янгиликлар

“Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда тўлов маданиятини оширишга қаратилган кучайтирилган назорат рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
2026 йил август ойида йўлкира ҳақини тўламасдан ҳаракатланган 10 843 нафар йўловчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу ўртача ҳисобда бир кунда 350 та ҳолатни ташкил этган.
2026 йил сентябрь ойининг 8-санасига қадар эса мазкур модда асосида йўлкира ҳақини тўламасдан ҳаракатланган 4 696 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу ўртача ҳисобда бир кунда 587 та ҳолатни ташкил этади.
Мазкур кўрсаткичлар таҳлили шуни кўрсатадики, сентябрь ойининг дастлабки 8 кунида бир кунлик ўртача расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони август ойидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 237 тага, яъни қарийб 68 фоизга ошган.


