Ўзбекистон илк бор аэронавигация соҳасидаги иккита йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда
2026-09-08 10:00:00 / Янгиликлар

Бугун пойтахтимиз Тошкент шаҳрида илк бор SOCEAнинг 3 йиллик умумий йиғилиши (SOCEA AGM/3) ўз ишини бошлади. Тадбир Европа ва Осиё аэронавигация провайдерлари ҳамда халқаро авиация ташкилотлари вакилларини бир майдонда жамлади.
Йиғилиш кун тартибидан SOCEA фаолияти натижалари, парвозлар хавфсизлигининг долзарб масалалари, аэронавигация провайдерлари ўртасидаги ҳамкорлик ва платформанинг келгуси ривожланиш йўналишлари ўрин олган.
SOCEA – Европа ва Осиё учун минтақавий аэронавигация мувофиқлаштириш платформаси бўлиб, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу йўналишда ахборот ва билим алмашишда ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
9 сентябрь куни CANSO Eurasia ANSP’s Summit ўтказилади.
Саммитда ҳаво ҳаракатини бошқариш (АТМ), алоқа, навигация ва кузатув (CNS) тизимларини ривожлантириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, Green АТМ, ҳаводаги ҳаракат оқимларини бошқариш (ATFM), ҳаво маконидан самарали фойдаланиш ҳамда аэронавигация провайдерлари ўртасида трансчегаравий мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинади.








