Нукусда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-09-08 16:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда Нукус шаҳрининг Бош режаси доирасида ишлаб чиқилган жамоат транспортининг янги йўналишлар тармоғи атрофлича муҳокама қилиниб, ташувчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Мулоқот давомида жамоат транспорти йўналишларини брутто-шартнома асосида ташкил этишнинг афзалликлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, ушбу тизим қатновлар мунтазамлигини таъминлаш, хизмат сифатини ошириш, ташувчилар учун барқарор молиялаштириш механизмини шакллантириш ҳамда аҳолига қулай ва ишончли транспорт хизматларини кўрсатишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда тадбиркорлар томонидан кўтарилган йўловчи ташиш соҳасидаги муаммоли масалалар мутасаддилар иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Уларнинг айримлари жойида ҳал этилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб этадиган масалалар эса тегишли тартибда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
Учрашув якунида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни давом эттириш, уларнинг таклифларини инобатга олиш ҳамда мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича тегишли чораларни кўриш белгилаб олинди.



