Транспорт вазири Тошкент давлат транспорт университетининг янги ўқув йилига тайёргарлиги билан танишди
2026-08-29 16:00:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида вазир олийгоҳнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, хусусан, талабалар учун яратилган умумий шароитлар, ўқув ва лаборатория хоналарининг моддий-техник базаси билан бевосита танишди.
Асосий эътибор таълим жараёни ва амалиёт уйғунлигини таъминловчи масканларга қаратилди. Вазир халқаро стандартлар асосида замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган ўқув аудиторияларини, шунингдек, соҳанинг энг сўнгги технологик ускуналари ва симуляторлари ўрнатилган инновацион ўқув-амалий лабораторияларни кўздан кечирди.
Бу каби шароитлар талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаб, соҳанинг етук муҳандис кадрлари бўлиб етишишида муҳим пойдевор бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ва мустақил изланиш олиб боришлари учун мўлжалланган ахборот-ресурс маркази ҳамда талабалар турар жойларидаги маиший шароитлар атрофлича ўрганилди.
Якунда Илҳом Маҳкамов университетда яратилган замонавий таълим экотизимини ижобий баҳолаб, таълим сифатини янада ошириш ва транспорт инфратузилмаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш юзасидан ўзининг тегишли тавсия ва кўрсатмаларини берди.








