Расмий изоҳ
2026-08-25 12:00:00 / Янгиликлар
Рухсатномаларни тақсимлаш ва рейтинг тизими ҳақида
Хорижий ва кўп томонлама рухсатномаларни тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 мартдаги 114-сон қарори билан тасдиқланган тартиб асосида амалга оширилади. Мазкур тартибга мувофиқ, ташувчилар томонидан рухсатномаларни бронь қилиш ва уларга ариза бериш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Тақчил рухсатномалардан фойдаланиш имконияти ташувчиларнинг белгиланган мезонлар асосида шакллантириладиган рейтинг кўрсаткичларига боғлиқ. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ташувчилар рейтинги мансабдор шахснинг субъектив қарори асосида белгиланмайди.
Рейтинг ахборот тизимида мавжуд маълумотлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган мезонлар асосида автоматлаштирилган тарзда шакллантирилади. Шу сабабли муайян ташувчининг рейтингини мансабдор шахс томонидан қўлда ошириш ёки камайтириш, шунингдек, алоҳида мурожаат асосида ўзгартириш амалдаги тартибда назарда тутилмаган.
Рейтинг тизимининг мақсади кичик ёки якка тартибда фаолият юритувчи ташувчиларни бозордан сиқиб чиқариш эмас, балки давлатлараро келишувлар асосида чекланган миқдорда ажратиладиган тақчил рухсатномаларни ташувчиларнинг реал фаолият кўрсаткичлари асосида ягона, шаффоф ва барча учун бир хил мезонлар бўйича тақсимлашдан иборат.
Рухсатномаларнинг “қора бозори” ҳақидаги даъволар юзасидан
Рухсатнома бланкаларини бошқа ташувчига бериш, сотиш ёки улардан белгиланган тартибга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 114-сон қарорида тегишли чеклов ва чоралар назарда тутилган.
Агар рухсатномаларни ноқонуний сотиш, бошқа шахсга бериш ёки мансабдор шахсларнинг бундай ҳолатларга алоқадорлигини тасдиқловчи аниқ маълумотлар мавжуд бўлса, Транспорт вазирлиги уларни белгиланган тартибда тақдим этишга чақиради. Тақдим этилган ҳар бир аниқ ҳолат тегишли тартибда ўрганилади.
Шунингдек, рухсатномаларни босқичма-босқич электрон шаклга ўтказишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам инсон омилини камайтириш, рухсатномаларнинг ҳаракатини электрон тарзда назорат қилиш ҳамда уларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ хавфларни минималлаштиришдан иборат.
E-Permit тизими ва Россия рухсатномаларининг электрон шаклга ўтказилиши бўйича
Россия Федерацияси билан рухсатномалар нима сабабдан ҳозирга қадар тўлиқ электрон шаклга ўтказилмагани юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувлари соҳасида электрон рухсатнома — E-Permit тизимини босқичма-босқич кенгайтириб бормоқда. Ҳозирги кунда Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия ва Озарбайжон билан электрон рухсатномалар алмашинуви йўлга қўйилган.
Шунингдек, яқинда Грузия билан ҳам E-Permit тизими жорий этилди. Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистон томонидан еттита давлат билан электрон рухсатномалар алмашинуви амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси билан ҳам электрон рухсатномалар алмашинувига ўтиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда ва ушбу тизимларни 2026 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган.
Шу ўринда E-Permit тизимига ўтиш Ўзбекистон томонидан бир томонлама қабул қилинадиган қарор эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунинг учун икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасида тегишли келишувларга эришиш, ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш, электрон маълумотлар алмашинуви механизмларини синовдан ўтказиш ҳамда электрон рухсатномаларни ўзаро тан олиш талаб этилади.
Шу сабабли Россия Федерацияси билан рухсатномаларнинг ҳозирча қоғоз шаклида қўлланилаётгани мазкур йўналишда рақамлаштириш ишлари олиб борилмаётганини англатмайди. Аксинча, E-Permit тизимининг географияси изчил кенгайтириб борилаётгани халқаро автомобиль ташувларида рухсатнома тизимини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш ва рухсатномалардан фойдаланиш устидан электрон назоратни кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини кўрсатади.
Хитой йўналишидаги электрон рухсатномалар бўйича
Тарқатилаётган материалларда Хитой йўналишида бир транспорт воситасига берилган электрон рухсатнома амалда фойдаланилган бўлса-да, ахборот тизимида “фойдаланилмаган” ҳолатда қолаётгани ва бунинг натижасида айнан шу транспорт воситасига навбатдаги рухсатномани расмийлаштириш имконияти чекланиши қайд этилган.
Мазкур ҳолатнинг юзага келиши рухсатноманинг амалда фойдаланилганлигини белгиланган тартибда тасдиқлаш жараёни билан боғлиқ.
Амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчи божхона назоратидан ўтгандан сўнг тегишли товар-транспорт ҳужжатларини транспорт назорати инспекторига тақдим этиши лозим. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида транспорт назорати инспектори электрон рухсатномадан амалда фойдаланилганлигини тасдиқлайди ва унинг ҳолатини ахборот тизимида “фойдаланилган” деб белгилайди.
Шундан сўнг мазкур транспорт воситаси учун навбатдаги электрон рухсатномани расмийлаштириш имконияти яратилади.
Амалиётда эса айрим ҳайдовчилар божхона расмийлаштирувидан ўтгач, шошилинч равишда ҳаракатни давом эттириб, транспорт назорати инспекторига тегишли товар-транспорт ҳужжатларини тақдим этмасдан чегара ҳудудини тарк этиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Натижада рухсатномадан амалда фойдаланилган бўлса-да, унинг фойдаланилганлиги белгиланган тартибда тасдиқланмагани сабабли ахборот тизимида мазкур рухсатнома “фойдаланилмаган” ҳолатда сақланиб қолади.
Бундай вазиятда ахборот тизими айнан шу транспорт воситаси учун навбатдаги электрон рухсатномани расмийлаштиришга автоматик равишда чеклов қўяди.
Мазкур механизм ташувчининг фаолиятини сунъий равишда чеклаш учун эмас, балки битта транспорт воситасига бир вақтнинг ўзида бир нечта амалдаги электрон рухсатномалар расмийлаштирилишининг олдини олиш, рухсатномалардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш ҳамда уларнинг ҳисобини тўғри юритишга қаратилган.
Шу муносабат билан ташувчилар ва ҳайдовчилардан электрон рухсатномадан фойдаланилганлигини белгиланган тартибда расмийлаштириш, яъни тегишли товар-транспорт ҳужжатларини транспорт назорати инспекторига ўз вақтида тақдим этиш талаб этилади.
Демак, мазкур ҳолат тизим томонидан ўрнатилган “тушунарсиз чеклов” эмас, балки аввал берилган электрон рухсатномадан фойдаланилганлик ҳолати белгиланган тартибда якунланмаганлиги натижасидир.
Рухсатномалар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ҳақида
Мазкур масала бўйича шуни маълум қиламизки, Транспорт вазирлиги томонидан хорижий ва кўп томонлама рухсатномаларнинг келиб тушган, ташувчиларга ажратилган ва фойдаланилган миқдорлари бўйича статистик маълумотлар ҳар чорак якунлари бўйича белгиланган тартибда эълон қилиб борилади.
Шу билан бирга, ташувчилар “E-Авторухсатнома” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли давлат ва рухсатнома тури бўйича мавжуд рухсатномалар, шунингдек, айни вақтда бошқа ташувчилар томонидан бронь қилинган рухсатномалар сони билан эркин танишиш имкониятига эга.
Бу эса ташувчига рухсатнома олиш учун ариза беришдан олдин тегишли йўналиш бўйича рухсатномаларнинг амалдаги ҳолатини, мавжуд қолдиғини ва бронь қилинган рухсатномалар миқдорини бевосита ахборот тизими орқали кузатиш имконини беради.
Шунингдек, рухсатномаларни бронь қилиш ва уларга ариза бериш жараёнларининг электрон шаклда амалга оширилиши, рухсатномаларнинг ҳаракати ахборот тизимида қайд этиб борилиши уларни тақсимлаш жараёнида инсон омилини камайтириш ҳамда жараённинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу сабабли рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар “ёпиқ” экани ҳақидаги фикрлар асосли эмас. Рухсатномаларнинг келиб тушиши ва тақсимланиши бўйича умумлаштирилган статистик маълумотлар ҳар чоракда эълон қилинади, уларнинг жорий мавжудлиги ва бронь қилиниши ҳақидаги маълумотлар эса ташувчилар учун “E-Авторухсатнома” ва Транспорт вазирлигининг ахборот тизимида очиқ кўринишда тақдим этилади.
