“Тошкент” автовокзалида жамоатчилик мониторинги ўтказилди
2026-08-18 16:00:00 / Янгиликлар

Пойтахтимиздаги “Тошкент” автовокзали 2019 йилда замонавий қиёфага келтирилиб, бу ердаги шарт-шароитлар сўнгги талаб даражасига кўтарилди.Кенг қамровли реконструкция ишларидан сўнг йўловчилар ва мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилиб, маҳаллий ҳамда халқаро йўналишларда амалга оширилаётган қатновлар тизимли йўлга қўйилди.
Бугунги кунда “Тошкент” автовокзалидан 28 та шаҳарлараро йўналишларда ҳафтасига 506 та қатновлар амалга оширилмоқда, шунингдек, 15 та халқаро йўналишда ҳафтасига 65 та қатнов бажарилмоқда. 2026 йилнинг январь-июл ойлари давомида шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда 16 869 та қатнов амалга оширилиб, жами 610 091 нафар йўловчилар ўз манзилига етказилган.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказилган мониторинг давомида шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда автобус қатновларини ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз бўлган ташув хизматларини ташкил этиш, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.
Шу билан бирга ногиронлиги бўлган йўловчиларнинг “Тошкент” автовокзали хизматларидан фойдаланиши учун яратилган шароитлар, ушбу шахслар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Мониторинг давомида аниқланган камчиликлар, учраётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Uzavtovokzal servis” МЧЖ ҳамда “Тошкент” автовокзали мутасаддиларига таклиф ва тавсиялар берилди.







