Транспорт вазирлигига 2026 йилнинг I ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили
2026-08-17 10:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2026 йил 13 март куни “Халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш” масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, такрорий мурожаатлар сабабларини бартараф этиш ҳамда аҳоли розилигини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида давлат органлари раҳбарларининг аҳоли билан очиқ мулоқоти, уларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиши ҳамда амалий ечимлар топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида транспорт соҳасида ҳам мурожаатларни манзилли кўриб чиқиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва такрорий мурожаатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлигига 2026 йил биринчи ярим йиллигида келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳалар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди.
Таҳлил давомида мурожаатларнинг мазмуни, ҳудудлар бўйича тақсимоти, долзарб масалалар ҳамда такрорий мурожаатлар сабаблари ўрганилди. Ўтказилган таҳлил транспорт соҳасидаги муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар белгилаш, тизимли камчиликларни бартараф этиш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Транспорт вазирлилигига 2026 йил январь – июнь ойлари давомида келиб тушган мурожаатлар сони 1 114 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига (2025 йилда 2 037 та) нисбатан 923 тага ёки 45,31% га камайган.
Жами келиб тушган мурожаатлар
Ҳисобот даврида жами 1 114 та мурожаат келиб тушган. Ижобий ҳал қилинган 498 та (44.7 %), ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган 595 та (53.4 %), тушунтириш берилган 9 та (0.8 %), узоқ муддатли назоратга олинган 3 та (0.3 %), тугатилган 8 та (0.7 %), рад этилган 1 та (0.09 %) ни ташкил этади. Жами ижобий натижа билан кўриб чиқилган мурожаатлар сони 956 тани ташкил этиб, қаноатлантирилганлик даражаси 85.8% ни ташкил этган.
Такрорий мурожаатлар таҳлили жами 9 та такрорий мурожаат қайд этилган бўлиб, бу умумий мурожаатларнинг 0.80 % га тенг. Такрорий мурожаатларнинг асосий қисми мурожаатчилар томонидан кўрилган чоралардан қониқмаслик ёки масалаларнинг тўлиқ ҳал этилмаганлиги билан изоҳланади.
Ҳудудлар кесимида мурожаатлар таҳлили:
Тошкент шаҳри 293 та (26.3 %), Тошкент вилояти 182 та (16.3%), Фарғона вилояти 114 та (10.2 %), Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги 99 та (8.8 %), Хоразм вилояти 77 та (6.9 %), Бухоро вилояти 52 та (4.7 %), Қашқадарё вилояти 48 та (4.3 %), Сурхондарё вилояти 45 та (4.0 %), Жиззах вилояти 42 та (3.8 %), Наманган вилояти 42 та (3.8 %), Самарқанд вилояти 38 та (3.4 %), Сирдарё вилояти 30 та (2.7 %), Навоий вилояти 29 та (2.6%), Андижон вилояти 15 та (1.3 %), Чет эл 8 тани (0.7 %) ташкил этади. 2025–2026 йиллар таққослама таҳлилига кўра, ҳудудлар кесимида мурожаатлар сонининг сезиларли камайиши кузатилганлигини кўрмоқдамиз.
2025 йилда энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (382 та), Наманган вилояти (218 та), Фарғона вилояти (195 та) ҳамда Тошкент вилоятидан (174 та) келиб тушган бўлса, 2026 йилда мазкур ҳудудларда мурожаатлар сонининг камайиши кузатилмоқда.
Транспорт соҳалари бўйича мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатади.
Мурожаатлар таҳлилида, транспорт соҳасида аҳоли ва тадбиркорларни энг кўп қийнаётган масалалар автомобиль йўллари, жамоат транспорти, лицензиялаш, темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари билан боғлиқдир.
1. Жамоат транспорти инфратузилмаси, йўналиш очиш ва тендерлар масаласи– 320 та (28,7%).
2. Юк ташиш, логистика ва лицензиялаш – 198 та (17,7%).
3. Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ва бошқа масалалар – 179 та (16,1%).
4. Ҳаво транспорти соҳасига оид мурожаатлар – 40 та (3,6%).
5. Темир йўл транспорти соҳасига оид мурожаатлар – 11 та (1,0%).
6. Турли масалалар – 366 та (32,9%)
2026 йил биринчи ярим йиллигида Транспорт вазирлиги тизимига келиб тушган мурожаатлар таҳлили транспорт соҳасида аҳолининг асосий эътирозлари жамоат транспорти, йўл инфратузилмаси, лицензиялаш, темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари атрофида шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Келгусида мурожаатлар билан ишлашда асосий эътибор такрорий мурожаатларни камайтириш, ижро муддатларига қатъий риоя этиш, жойлардаги тизимли муаммоларни манзилли бартараф этиш ҳамда аҳолининг транспорт хизматларидан қониқиш даражасини оширишга қаратилиши лозим.
