“National Transport Hackathon” тадбири ўз ишини бошлади
2026-08-06 12:30:00 / Янгиликлар

Тадбир транспорт тизимида сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ёшларнинг инновацион салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ҳаcкатҳоннинг очилиш маросимида Транспорт вазири Илҳом Махкамов сўзга чиқиб, транспорт соҳасини рақамлаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, ёшларнинг билим ва ташаббуслари транспорт тизимини янги босқичга олиб чиқишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шунингдек, вазир мазкур ҳаcкатҳон келгусида Транспорт вазирлиги тақвимидаги доимий тадбирлардан бирига айланишини билдириб, бу ёшлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва транспорт соҳасида инновацион ечимларни қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси эканини қайд этди.
Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров бугунги кунда вазирлик томонидан 40 дан ортиқ рақамли лойиҳа амалга оширилаётганини, вазирлик ахборот тизимларидан ҳар ой 5 миллионга яқин фойдаланувчи фойдаланаётганини ҳамда 22 та давлат хизматининг барчаси тўлиқ рақамли шаклга ўтказилганини маълум қилди. Навбатдаги босқич ушбу жараёнларни сунъий интеллект асосида автоматлаштириш бўлиб, ҳаcкатҳон айнан шу йўналишда янги ечимларни шакллантиришга хизмат қилади.
Уч кун давом этадиган ҳаcкатҳонда транспорт, сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили ва рақамли маҳсулотлар йўналишидаги экспертлар иштирокчилар билан бевосита ишлайди. Жамоалар транспорт тизимидаги долзарб муаммоларни амалий сервислар, прототиплар ва инновацион технологик ечимларга айлантириш устида ишлайди.
Иштирокчилар авиация, темир йўл ва автомобиль транспортида аҳолининг мобиллигини оширишга хизмат қилувчи рақамли сервисларни яратиш, Транспорт вазирлиги ахборот тизимларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда транспорт соҳасидаги катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган инновацион ечимларни ишлаб чиқиш бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этадилар.
“National Transport Hackathon” транспорт соҳасини рақамли трансформация қилиш, илғор технологияларни амалиётга жорий этиш ва иқтидорли ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим платформага айланиши кутилмоқда.








