Навоий вилоятида жамоат транспорти автобус ҳайдовчилари учун малака ошириш ўқув курслари бошланди
2026-08-04 17:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 4 – 18 август кунлари Навоий шаҳрида "Navshahtransxizmat" МЧЖ, "Axmedov grand group" МЧЖ ҳамда "Навоий транспорт экспедиторлик" МЧЖ корхоналарида фаолият юритаётган 30 нафар автобус ҳайдовчиси "Жамоат транспорти автобусларда йўловчиларга ташиш хизматларини кўрсатиш" йўналиши бўйича малака ошириш курсларида иштирок этади.
Ўқув машғулотлари Германия Федератив Республикасининг "DB" мутахассислари тавсиялари асосида ишлаб чиқилган ҳамда Европа тажрибаси ва миллий таълим дастурлари уйғунлаштирилган ўқув дастури бўйича маҳаллий тренер-ҳайдовчилар томонидан олиб борилади.
Машғулотлар давомида иштирокчиларнинг:
- автобусларни хавфсиз бошқариш;
- йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш маданияти;
- брутто-шартнома тизимида ишлаш тамойиллари;
- ёқилғи ва электр энергиясидан самарали фойдаланиш;
- техник фойдаланиш қоидалари;
- йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича назарий билимлари ва амалий кўникмаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, амалий машғулотларда автобусларни турли йўл шароитларида хавфсиз бошқариш, бекатларда тўғри ва хавфсиз тўхташ, йўловчиларни чиқариш ва тушириш тартиблари ҳамда махсус инфратузилмалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланади.
Мазкур малака ошириш курслари жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини янги босқичга олиб чиқиш, ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.


