Жаҳон банкининг янги LPI 2.0 методологияси: Ўзбекистон логистика тизими таҳлил қилинди
2026-08-03 11:35:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берилганидек, Жаҳон банки янгиланган “Логистика самарадорлиги кўрсаткичлари 2.0” (Logistics Performance Indicators 2.0) методологиясини эълон қилган эди.
Таҳлил натижаларига кўра, қуйидаги хулосалар ажратиб кўрсатилди:
Эндиликда сўровномаларга асосланган ягона индекс ўрнига логистика жараёнларини реал вақт режимида рақамли кузатиш маълумотлари асосида шакллантириладиган LPI 2.0 кўрсаткичлар тизими қўлланилади.
Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар (кейинги ўринларда – LLDC Landlocked Developing Countries) учун уларнинг транспорт-логистика тизимлари ва географик жойлашуви хусусиятларини ҳисобга олувчи алоҳида баҳолаш методологияси назарда тутилган.
Барча LLDC мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси учун мазкур методология доирасида 10 та кўрсаткич, жумладан, 6 та асосий ва 4 та қўшимча кўрсаткич белгиланган.
Янги методология янгиланган кўрсаткичларни мамлакатлар кесимида қиёсий таҳлил қилишни тавсия этмайди, шу боис аниқлиликни таъминлаш мақсадида етакчи мамлакатлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий ҳамкор давлатлари қийматлари рейтинг позициялари бўйича эмас, балки методологияда тавсия этилган ўлчов бирликлари орқали кўриб чиқилди.
Ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, импорт қилинаётган юкларнинг аэропортда бўлиш муддати нафақат уларни аэропорт томонидан қайта ишлаш жараёнларининг самарадорлигига, балки катта даражада (умумий вақтнинг 55 фоизидан ортиғи) божхона, карантин, ветеринария, фитосанитария ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан назорат тадбирларининг ўтказилишига, шунингдек, юк олувчилар ва уларнинг вакиллари томонидан божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларининг ўз вақтида бажарилишига бевосита боғлиқ.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида бизнесдан-бизнесга (Б2Б) жўнатмалар ва почта корреспонденциясини етказиб бериш вақти бўйича энг яхши қийматни Ўзбекистон намойиш этмоқда – 4,7 кун.
LPI 2.0 методологиясига кўра, мазкур кўрсаткич бўйича вақтнинг асосий қисми почта жараёнлари ҳамда божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларига тўғри келади. Шу муносабат билан Жаҳон банки ушбу тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни тавсия этади.
Ўзбекистоннинг асосий кўрсаткичлари:
B2B почта жўнатмаларини етказиб бериш муддати – 4,7 кун (Марказий Осиёдаги энг яхши натижа). B2C йўналишида почта ҳамкорлари сони – 82 та мамлакат.
Импорт юкининг аэропортда бўлиш муддати – 5,2 кун (Россияда – 2,3 кун, Қозоғистонда – 3,5 кун). Авиаюк ташиш бўйича ҳамкор мамлакатлар сони – 38 та.
Контейнернинг етказиб бериш пунктида бўлиш муддати – 1,2 кун (28,8 соат), қўшни мамлакатлар кўрсаткичига яқин.
Жаҳон банки денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларга божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш, чегара расмийлаштирувини жадаллаштириш ҳамда реал вақт режимида маълумот алмашинувини йўлга қўйишга эътибор қаратишни тавсия этади.
