Ўзбекистон темирйўлчилари ўз касб байрамини нишонламоқда
2026-07-31 20:40:00 / Янгиликлар

Бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни муносабати билан пойтахтимиздаги Темирйўлчилар маданият саройида тантанали байрам маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов, Транспорт вазири И.Махкамов, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси З.Нарзуллаев, раис ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони соҳиблари, Тошкент шаҳридаги темир йўл корхоналари ишчи-ходимлари, фахрий темирйўлчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Темир йўл транспорти ходимлари бу йилги касб байрамини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан халқимиз орзу қилган катта лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан кутиб олишмоқда. Анъанага мувофиқ бу йилги айём шукуҳига ҳамоҳанг тарзда Президентимиз темир йўлчиларга байрам табригини йўллади. Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбарининг қутлови ўқиб эшиттирилди.
Унда қайд этилганидек, соҳа ходимлари фидокорона меҳнатлари билан янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини ошириш, транспорт – коммуникация тизимини изчил ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар улкан натижалар бермоқда.
Темир йўл тизимида татбиқ этилаётган йирик инвестиция лойиҳалари асосида миллий логистика тизими самарадорлиги оширилмоқда. Хусусан, Самарқанд – Ургут, Байт қўрғон – Паркент, Урганч халқаро аэропорти – Хива темир йўл тармоқлари барпо этилгани. Навоий – Бухоро участкасининг иккинчи электрлаштирилган линияси ишга туширилгани, бир қатор истиқболли йўналишларда эса қурилиш ишлари жадал давом эттирилаётгани табрикда алоҳида қайд этилди.
Муҳтарам Президентимизнинг байрам табригини соҳа ходимлари катта ҳаяжон ва қувонч билан тинглашди. Маросимда Транспорт вазири И.Маҳкамов ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси З.Нарзуллаев ҳам сўзга чиқиб, барча темирйўлчиларни касб байрами билан табриклашди.







